Maqola

962 24/02/2022

Россия Украинанинг айирмачи, россияпараст областлари Донецк ва Луганскни халқ республикалари сифатида тан олди. Ғарб ҳамжамияти ЛХР ва ДХРга нисбатан санкциялар эълон қилган бўлса-да, ҳозирча, Россияга нисбатан қўлланадиган санкциялар маълум қилинганича йўқ.

Ушбу халқаро сиёсий инқироз оқибатлари қандай бўлади? Ғарб ва Россия ўртасидаги зиддият оқибатлари қандай бўлади? Айниқса, мигрантларнинг чўнтагига қандай таъсир кўрсатади? Migrant.mobi шу ва бошқа саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳамда ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммадга юзланди.

Камолиддин Раббимов сиёсатшунос:

Россиянинг Украина билан боғлиқ хавотирлари

Украинадаги зиддиятнинг тарихи ниҳоятда узун. Бу сўнгги 30 йилда шаклланиб қолган эмас. Совет иттифоқи давридаги Украинада ҳам украин миллатининг ўз давлатчилигини қуриш истаги, рус миллатига нисбатан ишончсизлиги юқори бўлган. Германия босқини вақтида Украинанинг ғарбий ҳудудларида СССР таркибидан чиқиш борасида айрим лойиҳалар бўлган. Сўнгги 30 йилда Украина Россия таъсиридан чиқиш борасида кўп уринишларни амалга оширди. Республиканинг биринчи президенти Кравчук ЕИга ташрифи чоғида Брюсселдаги НАТО бош қароргоҳига ҳам борганди. Шундан сўнг, Украина элитасида ЕИ таркибига кириш, бунинг ортидан ўз хавфсизлигини таъминлаш учун НАТО аъзо бўлиш истаги пайдо бўлди. Аста-секин бу истак умуммиллий истакка айланиб борди.

2002 йилда Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши устувор вазифа сифатида эълон қилинди. Кейинчалик Украина-НАТО хартияси имзоланди. Конституцияга ҳам киритилди.

Россиянинг хавотири шундаки, Украина НАТОга аъзо бўлса, Қора денгизга чиқа олмайди. Қолаверса, Россия атрофидаги НАТОга аъзо бўлишни режа қилиб турган бошқа давлатлар Озарбойжон, Молдова ва Грузиянинг ҳам алянсга киришига йўл очади. Буларнинг барчаси НАТО таркибига кирса, “қуршовда қоламан”, деган геосиёсий қўрқув бор Россияда.

Украинада фундаментал қадриятлар курашмоқда

Украинлар 19-20-асрда мустақиллигимизни, тортиб олган Россия ва руслар бўладиган бўлса, эркин ва фаровон яшашимиз учун ЕИга ва НАТОга аъзо бўлишимиз керак, деган фикрда. Россия фикрича, Украина ғарб ҳамжамиятига қўшилса, у қуршовда қолиб, мажруҳланиб қолади.

Путин шубҳаларида асос борми?

Ҳар қандай йирик ташкилотларда узоқ йиллар, ҳатто асрларга мўлжалланган режа ва лойиҳалари бўлиши табиий. НАТО ҳам истисно эмас. Унинг режасига кўра, 21-аср охирига бориб, Янги Зеландия, Австралия, Япония, Жанубий Корея ва ҳатто Ўзбекистон ҳам алянс аъзоси бўлиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.

Шу билан бирга, Путиннинг ўрнида бошқа шахс бўлганида ҳам НАТОнинг кенгайишидан хавотирланган бўлар эди. Чунки, демократ Елцин ҳам ўз вақтида НАТО кенгайишига эътироз билдирган. Бу фақат Путин ёки Елциннинг эмас, Россия сиёсий элитасининг геостратегик қараши ҳисобланади. Аммо, бошқа томондан, Путин буни ҳаддан ортиқ бўрттирмоқда. Украина НАТОга аъзо бўлганида ҳам вазият кардинал ўзгариши эҳтимоли кам. Чунки, аслида, НАТОга аъзо бўлган Болтиқбўйи давлатлари Санкт-Петербург ва Москвага, яъни Россияга ҳудуд жиҳатидан яқинроқ. Аммо, бу республикаларда НАТО кучлари жойлаштирилмаган. Бу давлатлар Россияга таҳдид қилаётгани йўқ. 20-аср тарихи шуни кўрсатадики, аслида тажовузкор давлат бу Чор Россияси ва Совет Россияси. Бугунги кунда ҳам постсовет ҳудудидаги энг тажовузкор давлат Россия Федерацияси.

Воқеалар ривожи ҳақида

Путин сўзларидан келиб чиқиб, хулоса қилинса, зиддият тугамаяпти, аксинча бошланмоқда. У, Ғарб дунёси, хусусан, АҚШнинг геосиёсий мақсади Россияни парчалаш деган фикрни агрессив тарзда айтди. Бу ё Россия давлатчилиги бўлади ёки Ғарб бўлади, деган маънони билдиради. Яъни, иккиси биргаликда мавжуд бўлиш имконияти қидирилмаяпти. Россиянинг ЛХР ва ДХРни тан олиши ортидан дипломатик чегарадан ўтилди ва зиддиятлар очиқ шаклга кирмоқда.

Ботиржон Шермуҳаммад ҳуқуқшунос:

Ўзбек мигрантларининг чўнтагига қандай таъсир кўрсатади?

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2008 йилда Грузия билан рўй берган зиддиятдан сўнг, Россия рублининг қадри кескин тушиб кетган. 2014 йили Қрим қўшиб олингач, худди шундай қадрсизланиш кузатилган ва рубл 59 фоизга тушиб кетган. Умуман, бугунги кунгача, рубл 330 фоиздан кўпроққа қадрсизланган. Бу шубҳасиз, Россияда ишлаб, рублда маош олаётган мигрантларга салбий таъсир кўрсатади.

Мигрантлар яна ватанга қайтадими?

Пандемия даврида бўлганидек, мигрантларнинг ватанга қайтиши кузатилмаслиги мумкин. Ҳукумат, ўз навбатида, мигрантларнинг оммавий қайтишига қисман тайёргарлик кўриши баробарида меҳнат мигрантларини бошқа давлатларга ташкилий равишда юбориш учун тайёрлаш зарур.

Россиядаги меҳнат мигрантларига тавсиялар

Аввало, жамғариб қўйган рубллари бўлса, долларга айлантириб қўйганлари маъқул. Хорижни бирор техникасини харид қилмоқчи бўлганлар ҳам сотиб олишсин. Россиядаги меҳнат мигрантларига, турли хил сиёсий йиғилишлар, митингларда иштирок этмасликни тавсия этамиз.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya