Мақола

1 627 28/11/2022

Батальон асосчиси, қирғизистон фуқароси Алмаз Қудабек уулу ўз юртида хавфсизлик қўмитаси томонидан қидирувга берилган.

Қирғизистон фуқароси Алмаз Қудабек уулу Украинада биринчи туркийзабон батальони тузилганини эълон қилди.

У Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировга видеомурожаат йўллаб, Украинада «махсус операция» ниқоби остида «мамлакатнинг туркийзабон аҳолисига нисбатан ҳақиқий геноцид» қилинаётганини айтди, деб ёзади «Кун.уз» нашри.

Батальон командири Қодировдан «Украинадаги жиноятларини яшириш учун муқаддас диндан фойдаланмасликни» талаб қилган.

«Махсус операция ниқоби остида Путин туркийзабон халқларга геноцид уюштирди. Ислом ниқоби остида Рамзон Қодиров жиҳод эълон қилди. Ислом дини биз учун муқаддас, у билан ўйнашманг. Биз бу шайтоний тузумни йўқ қиламиз… Сизларни ичингиздан ҳам, ташқаридан ҳам даҳшатга соламиз», дейди Қудабек уулу мурожаатда.

Қайд этилишича, Алмаз Қудабек уулу 24 февралдан бери Украина томонида жанговар ҳаракатларда қатнашиб келади. Урушдан олдин у Россияда мардикорлик, хусусан, сартарошлик билан шуғулланган.

Қирғизистоннинг Украинадаги элчихонаси у билан алоқа ўрнатган ва ватанига қайтишни таклиф қилган, аммо рад жавобини олган.

Stanradar хабарига кўра, 2022 йил баҳорида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Алмаз Қудабек уулуга нисбатан «Қирғизистон Республикаси фуқаросининг хорижий давлатлардаги қуролли можаролар ёки ҳарбий амалиётларда иштирок этиши» моддаси бўйича жиноий иш очган ва қидирувга берган.

«Турон» 21 ноябр куни ташкил этилган бўлиб, ўта ўнг «Бўз бўрилар» («Бўз қурт») ҳаракатининг тимсолларини намойиш этмоқда. Унинг 350 га яқин аъзоси борлиги, улар орасида қозоқ, қирғиз, уйғур, озарбойжонлар бор, деб ёзади “Диалог.UA” сайти.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация