Мақола

507 07/07/2023

Украинада ўзбек ресторани бомбапаноҳга айландими? Россия-Украина уруши, Ўзбекистон, ўзбеклар.

— Украин халқи уруш ҳақидаги хабарлар чиққанда ҳам, чегарада Россия ҳарбийлари тўпланганида ҳам, Россиянинг фашистлар сингари тонг сахарда уруш бошлашига ишонмаганди, – дейди Харкивдаги ўзбек Шаҳобиддин Юсупов.

Украинадаги ўзбек тадбиркори билан уруш ҳақида, у ердаги ўзбекларнинг украиналикларни қандай қўллашаётгани ҳақида суҳбатлашдик.

 Ресторандаги бомбапаноҳ

Шаҳобиддин Юсупов Қирғизистон ўзбекларидан. У 26 йилки, оиласи билан Украинада яшайди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши миллионлаб украиналиклар қатори бу ўлкани ватан тутган барча инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб юборди.

– 24 чи февралда, ҳеч ким кутмаганида бошланди. Биз ҳам эшитсак ҳам ишонмасдикки,  қандай қилиб қўшни халқ бостириб кириши мумкин?! Ахир, руслар билан украинларни битта халқ дердик. Кейинчалик бу ерда узоқ яшаб, украин халқи ўзбекларга ўхшаган юмшоқтабиат ва ишонувчан эканини билдик.

Бу халқ уруш ҳақидаги ҳар хил хабарлар тарқала бошлаган пайтида ҳам, чегараси атрофида Россия ҳарбийлари тўпланганида ҳам Россиянинг фашистлар сингари эрта сахарда уруш бошланишини ишонмасди, – дейди Шаҳобиддин Юсупов.

У уруш бошланганида ўзига тегишли бўлган “Наврўз” меҳмонхона-ресторанида бўлишганини айтади.

— “Наврўз”имизнинг 280 метр квадратли ертўласи бор. Ундан бомбапаноҳ ўрнида фойдаландик, ҳамма қариндош-уруғларни тўпладик, қўшниларни чақирдик. Ўша ерда жон сақлашни бошладик, – гапириб берди тадбиркор.

Волонтерга айланган тадбиркор

Шаҳобиддин Юсупов урушнинг илк кунлари воқеаларини шундай хотирлайди:

— 26 феврал куни Россия ҳарбийлари танкларда шаҳар ичига кириб келишганида, харкивликлар бирлашди. Халқнинг ўзи дарров мобил гуруҳ тузиб, ҳимояга чиқди ва шу аснода Харкивда энг катта ҳарбий ҳаракат бўлди. Унинг ичида биз ҳам бор эдик, ярадорларга ёрдам кўрсатдик. Ҳарбийлар меҳмонхонамиз тепасида  снайперлардан отишди, биргалашиб ҳавфни бартараф қилдик.

Россиянинг Украинага босқини асли қирғизистонлик тадбиркорни волонтерга айлантирди.

— Бу ерда 50 га яқин қариндошлару қўшнилар, танишлар бўлгани учун уларга овқат пиширишни бошладик. Бошқа қўшнилар бизга ҳам беринглар, деди. Шу тариқа 100 киши бўлдик, уларга ҳарбийлар ҳам қўшилди. Кейин эса яна бошкалар ҳам қўшилиб, 500-600 га яқин киши бўлиб кетди. Уларнинг ичида касалхонадагилар ҳам бор эди. Бу вақтда жанглар сабаб, ҳеч ким ишламаётганди.

Аввал заҳира, кейин дастаклар

Шаҳобиддин ўтган йилнинг феврали бошларида халқаро матбуотда ёритилган уруш хақидаги хабарларни кузатиб борганини айтади.

— Дадам рахматлик доим қишга ун, гўшт, ёғни, ўтин-кўмирни ғамлаб қўй, дердилар. Шу сингари қўйларимиз бор эди, ёғ олганмиз, унни, гуручларни босганмиз. Ҳар эҳтимолга карши, заҳирамиз бор эди, – гапириб берди тадбиркор.

Кейин эса унга Ўзбекистон, Қозоғистон, Япония, Америка ва дунёнинг бошқа давлатларидаги дўстлари кўнгилли равишда дастак бўла бошлаган.

— Шу кунгача ёрдам беринглар, деб интернетда, Инстаграмларда бирон марта сўраб чиқмадик. Аввал ўзимизда бор эди, “қиламиз қўлимиздан келади”, деб бошладик.  Кейин дўстлар қўллади. Аллоҳга шукр, кам бўлмадик.

“Ўзбекларга ўхшагани учун яхши кўрдим”

Шаҳобиддин Юсупов Украинага меҳмонга келиб, шу билан қолиб кетганини айтади.

— Халқи ва иқлими яхши бўлгани учун бизга ёқиб, шу ерда муқим қолдик. 26 йилдан бери шу ерда яшаб ишлаяпмиз, иккинчи юртимиз бўлиб қолган, дейди иммигрант.

У ўзбеклар ва украинларнинг уйғун жиҳатлари кўплигига эътибор қаратади:

— Украинлар бизнинг ўзбеклар сингари меҳнаткаш, томорқа, уй ишлари, хунармандлик, устачилик, ҳаммасини қилиб кетаверишади. Уларни ўзбекларга ўхшаш жиҳатлари кўплиги учун ҳам яхши кўрганман. Кибрлари йўқ, мақтанишмайди, сўкинишмайди.

Руслар эса миллатчи халқ. Хаммаси шундай демайман, аммо умумий олганда шундай. Мен Томскда ўқиганман, Пермда ва Москвада ишлаганман, кўп кузатганман.

Украин дўстларимиз билан гаплашиб, тарихга қайтганимизда, уларга “сизлар билан бизнинг ҳаётимиз, тарихимиз бир хил экан”, дердим. “Сизларнинг ҳаётингизга  булар келиб еру мулкини уришиб тортиб олади ва қаршилик қилганларни бандерачилар дейишди, бизда эса босмачилар дейишган”, дейман.

“Ғалаба ошини қиламиз”

Шаҳобиддин Юсупов Украина ғалабасига, тинч ҳаётларининг тикланишига оз қолганига ишонади.

— Бу ердаги ҳамма нарсанинг бизга таъсири бор, яхшисининг ҳам, ёмонининг ҳам. 26 йилдан бери шу ернинг нонини еганимиз учун 24 февралдан бери қўлимиздан келган ёрдамни қилаяпмиз. Рус тилида “волонтер” дейишади, бизда эса, ҳайр-эҳсон.

Қўлимиздан келгани шу экан, дедик. Мана, ,бирярим йил бўлиб кетибди. Эҳсонимизни уруш тугагунча қиламиз, деб ният қилганмиз, – дейди волонтерга айланган тадбиркор.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация