Мақола

766 15/02/2023

Туркиядаги зилзилада вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган ўзбекистонлик аёл вайроналар остидан омон чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги хабар берди.

Маълум қилинишича, куни-кеча ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон фуқароси – 1975 йилда туғилган ва Наманган вилоятида доимий яшаб келган Шохиста Ниёзова зилзила оқибатида қулаган бино ичида вафот этганлиги тўғрисида хабар тарқатилган.

Мазкур хабар асосида Бош консулхона ушбу ватандошни қидириб топишга муваффақ бўлган.

“Ватандошимиз тирик. Консулхона томонидан Шохиста Ниёзова шифохонага олиб борилиб, кўрикдан ўтказилди. Унга зарурий тиббий муолажа кўрсатилди, ҳозирда унинг соғлиғи қониқарли ахволда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айни вақтда фуқаро Ниёзовани Ўзбекистонга юбориш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида (маҳаллий вақт билан 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.

Шундан сўнг, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга туширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Туркияда содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан дастлаб 100 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳи, жорий йилнинг 9 февраль куни 71 кишилик иккинчи гуруҳ Туркияга юборилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон жорий йининг 6 февраль куни кучли зилзиладан азият чеккан Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация