Мақола

1 659 19/03/2023

Тақдир тақозаси билан бундан бир неча йиллар олдин Россия давлатида бир рус аёлига “нянка”лик қилиб қараб ўтиргандим. Эндигина касалхонадан чиққан бу аёлнинг уйи Уфанинг бир чекка қишлоғида, тоғлар орасида жойлашган экан, манзара жуда чиройли эди. Ёнида курорт зона жойлашган экан. Ҳар шанба, якшанба кунлари чанғи учувчиларни томоша қилардим. Биз  ёғочдан қилинган уйда иккимиз яшардик. Аёлнинг эри сал нарироқдаги уйда бир ўзи яшарди.

Аёл 76 ёшда, эри эса 80 да экан. Уларнинг бир қиз ва уч ўғли бор эди. Фарзандлари ўртада йиғиб менга ойлик тўлашарди. Қизи Новасибирда яна бир ўғли Краснаярда икки ўғли эса шу қишлоқда яшарди. Аввалига аёл мени  ёқтирмади, қовоғини солиб ўтирарди, овкат берсам емасди. Мен  индамасдим, яхши гапириб секингина овқатини олдидан олиб қўярдим. Гоҳида овқат вақтида хархаша қиларди. Яна индамай овқатини олиб қўярдим. У ўзини ёш болалардек тутарди, кейин секин аста жимгина овқат ейишга ўрганди.

Кейинроқ биз шунчалик бир-биримизга ўрганиб кетдикки, асти қўяверасиз. Суҳбатларимиз давомида мени Намангандан келганлигимни эшитган эр- хотиннинг кўзлари порлаб кетди. Улар Наманган вилоятининг Поп туманида 50 йилдан ошиқроқ яшаб бу ерларга кўчиб келишганига 5-6 йил бўлган экан холос.

Улар Поп туманинг Чодак қишлоғида яшашган бўлиб, чол руда конида, аёл эса магазинда ишлашган экан. Наманганни нонвой нонини жуда соғинаман, дерди чол.

Улар бу хотираларни гапириб беришганда кўзларидаги соғинч учқунини кўрардим. Кўчиб келганларига жуда афсус қилишарди. Аёлнинг сахар касаллиги борлиги сабаб икки марта инфаркт ўтказган экан. Оёғида каттагина яра бор эди. Айтишича оёғини кесмоқчи бўлишганда рози бўлмаган экан. Улар менга Попда яшаган вақтларини тўлқинланиб ҳикоя қилиб беришарди.

Декабр ойининг бошларида уларникига ишлашга борган бўлсам феврал ойларига ўтиб кампир юра бошлади. Энди биз стол атрофида бирга ўтириб овқатланардик. Бир куни овқатланиб ўтирсак қишлоқ доктори кўрик учун келди. Уйга кириб хайратда оғзи очилиб қолди.

— Сиз ўзингиз столда ўтириб овқатланяпсизми? – деб сўради. — Юряпсизми?- дейди  хайратланиб.

Кампир ҳам кулганича:

— Ҳа, юряпман, анча яхшиман, деди.

Яна бир куни озгина қон босими кўтарилиб тез ёрдам чақирдик. Тез ёрдамда келган шифокор оёғидаги ярасини кўрмоқчи бўлди. Яраси йўқ, деганимга ишонмай иккала оёғини ҳам очиб кўрдида ярани тополмай менга қараб, қандай қилиб? – деди. Мен кулдимда, елкамни қисиб қўйдим.

Унга бу малҳам меҳр эканлигини қандай тушинтираман. Мен ҳеч қандай иш қилмасдим, эрталаб туриб печкани ёқиб аёл уйғонгунча нонушта тайёрлаб қўярдим. Кейин уйларни тозалаб, супириб сидириб «обед»га, кечга овқат  қилардим. Аёлни чўмилтириб, дориларини ичкизиб, қон босимини ўлчаб, ярасини боғлардим. Бу ўз уйимда ишдан ташқари қиладиган кундалик ишларим эди.

Гоҳида хижолат бўлардим, худди уйда бекор ўтириб ойлик олаётгандек ўзимни ноқулай сезардим. Эсимда, чол Наврўз байрами куни эрталабда менга бир плитка шоколад олиб келиб “бугун сизнинг байрамингиз” деганди. Уларга анча мехрим тушиб қолганди.

Қишлоқдаги ўғиллари бир кун ичиб келиб озгина тўполон қилгандан кейин аёлнинг қон босими кўтарилиб, яна оғирлашиб қолди. Шундан кейин мен умуман ухламай қўйдим, кечалари билан ёнида ўтириб чиқардим. Кундузи чол чиқиб “бор озгина ухлаб ол, мен қараб тураман”,  дерди. Лекин мен унга ишонолмасдим, чунки қулоғи яхши эшитмасди.

Аёл борган сари оғирлашиб борарди. Бир куни гаплашиб ўтиргандик, бирданига қалтирашни бошлади, тўхтатиб бўлмайдиган даражада бутун вужуди қалтирай бошлади. Мен тезда тез ёрдамни чақирдим. Улар келиб биринчи ёрдамни кўрсатишди, «яқинларига айтинг, тайёргарлик кўраверишсин» деди  врач.

— Нима, ўлиб қоладими? – деб сўрадим.

— Ҳа, миясига қон қуйилган, деди. Мен йиғлаб юбордим.

— Йиғламанг, сиз туфайли бу аёл шунча кун яшади, биз касалхонадан чиққандаёқ ўлиб қолади деб ўйлагандик, – деди шифокор.

Мен тезда фарзандларига хабар бердим. Эртасига эрталаб ўғли билан келини келиб ховлига ўзлари учун картошка (онаси ўлим тўшагида ётибди) экишни бошлашди. Мен уларга “онангиздан розилик сўраб қўйинглар”, десам эътибор ҳам беришмади.

Аёлни олдига кириб қўлларини ушладимда:

— Агар сизга озор берган бўлсам, дилингизни оғритган ёки бирор ерингизни қаттиқ ушлаган бўлсам мендан рози бўлинг, – дедим.

Аёл секингина юзини мен томон ўгирдида нафас олмай қўйди. Ташқарига  чиқиб ўғли билан келинига хабар бердим. Югириб ичкари киришди. Энди ўғли онасини икки елкасидан ушлаб силкитиб:

— Она сен ўлишинг мумкин эмас, – деб йиғлай бошлади. Мени аччиғим келдида, онасидан қўлларини бўшатиб олдим.

— У энди ўлди, энди озор берма! Онанг тириклигида қайерда эдинг номард?! Ҳали розилик сўра деганимда қайерда эдинг? Энди ўлгини тинч қўй!

Қани энди шу сўзларни овоз чиқариб айта олсам эди. Мен ўша кеча ўша уйда тунаб қолдим. Ўлган аёл билан бир хонада ухладим. Чол чиқиб кета туриб “қўрқмайсанми? “, деб сўради. Мен “йўқ” дегандай бошимни силкитдим. Ўликлардан эмас аслида тириклардан қўрқиш керак, – дедида чол чиқиб кетди.

Кечаси билан ўйлаб чиқдим, чиндан ўликлардан эмас артофингда юрган ноқис, номард тириклардан қўрқиш керак экан.

Эртасига мен шахарга қайтдим. Йўлда кела туриб Ўзбекистондаги оилаларда қариялар қанчалик эъзозланишини ҳаёлимга келтириб шукроналар келтирдим.

Жамила Дилхуш.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация