364 12/03/2023

Оҳирги вақтларда юрган жойимда нималарнидир ўйлаб кўп хаёл суриб юрадиган бўлиб қолганим сабаблими хотирам пасайиб, тез унутувчан бўлиб қолганман. Флешка тўлиб кетганидан бўлса керак-да.

Икки йилдан ошди, бир куни янги иш кўриш учун Москва шаҳрининг “Киевская” метро бекатига яқин бўлган жойда жойлашган кўп қаватли уйлардан бирига бордим. Уй эгаси кўчага чиқиб кутиб олди, икковимиз бирга тўртинчи қаватга лифтда кўтарилдик.

Ваннахонага кафел териш керак экан, деворларини кўрдим, ўлчадим ва савдолашдик.
— Қачондан иш бошлайсан? — деди уй эгаси Коля.
— Эртага эрталаб келамиз, икки киши ишлаймиз, — дея жавоб бердим унга.
— Келишдик, эрталаб уй калитини сенга бериб ишимга кетаман, ўзларинг ишлайверасизлар, дея лифтгача кузатиб қўйди кетишимда.

Метро бекатига кета туриб жияним Салохиддинга телефон қилдим.
— Жиян яхшимисан? Янги иш олмадингми ҳали, нима қилаяпсан?
— Ҳозирча бекорман тоға, иш олмадим, у ер бу ерда майда чуйда ишлар билан шуғулланиб юрибман.
— Мен битта уйнинг ваннахонасини кафелини теришни савдо қилиб олдим, келсанг бирга қилардик.
Салохиддин билан эрталаб метро бекати ёнида учрашадиган бўлдик. Эртаси куни керакли анжомларни олиб автобусда келаётсам, Коля телефон қилди.

— Мен сени метро ёнидаги катта савдо маркази олдида кутиб турибман, тезроқ келсанг уй калитини бераман-у, кетаман. Мени зарур ишим чиқиб қолди, тез боришим керак, деди.
— Ҳозир ” 840″-автобусдаман беш минутда савдо маркази ёнига етиб бораман, дедим.
Коля уй калитини берди-ю, шошиб метрога тушиб кетди. Шу жойда жиянимни кутдим, орадан ярим соатлар ўтиб у ҳам етиб келди. Ўн дақиқача пиёда юриб манзилга етиб бордик. Лифтдан тўртинчи қаватга чиқиб, ўнгга бурилиб Колянинг уйи эшигига калит солдим.

Нимагадир калит жойига тушмайди, худди ичкаридан калит солиб қўйилган-у, ташқи томонидан очиш имкони йўқдек. Бир икки уриндим бўлмади.

Ватсапдан Коляга ёздим.
— Уйингда бирон киши борми?
— Сенга айтаман деб эсимдан чиқибди, бугун электрик ҳам келиши керак эди, аммо ҳали вақтли-ку, келиб қўйибдими?
— Унда ҳам калит борми? — ёздим яна.
— Ҳа бор, деган жавоб келди.
— Электрик келибди унда, дея ёздим мен ҳам. Шу орада эшик ичкарисидан кимдир.
— Кимсизлар? Нима керак сизларга? — дея овоз чиқарди русчада.
— Бизлар усталармиз, оч эшикни, — дедим эшикка яқинроқ бориб.
— Менга уста керакмас, нега келдинглар?
— Сенга уста керакмас ростан ҳам, аммо уй эгасига керак. Биз кафел теришимиз керак, оч эшикни, баландроқ гапирдим бу сафар.
— Уй эгаси менман, ҳеч қанақа кафелчи чақирмадим кетинглар, очмайман эшикни, дейди ичкаридаги одам негадир овози титраб.
— Қанақа уй эгасисан сен?! Оддий монтёрсан-ку бировнинг уйига эга бўлиб олдингми? Оч тез, биз иш бошлашимиз керак, дея дўқ уриб орага Салохиддин қўшилди. Унинг овози доим дўриллаб баланд чиқади.
— Кетмасанглар ҳозир полицияга телефон қиламан, ичкаридан келган овоз янаям ингичкалашиб титраб бизга зўрға эшитилди.
— Электрик эшикни очмаяпти, бизни танимагани учун қўрқаяпти шекилли, дея Коляга ёзиб юборган хабаримга жавоб келди шу орада.
— Сен ўзи қайси квартирга бординг?
— Лифтдан чиқиб ўнг томонга бурилдим, Кейин 24-квартира бордим.
— Менинг уйим лифтдан чиққандан кейин чап томонда, 22-квартира деб жавоб ёзибди.

— БАХТИЁР ТУРСУН —

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация