1 561 22/01/2023

Бу қиз нима жиноят қилган бўлса экан ? Энди шу ҳақида ўйлай бошладим,  ўзимни ташвишим каммиди, олдинда сени нима кутяпти, шулар ҳақида бош қотир дейди бир хаёлим. Кеч соат тўққиздан ўтди…

Бошқа бўлимдан келишди шекилли,  иккита полиция ходимлари, қўлида қурол ушлаган, ташқари эшикдан кириб келишди.

— Қани маҳбуслар?  Олиб кетишга келдик, деди улардан бири, бизларга яқин ўтирган ходимга.

Аня!!! Қизча билан шеригини олиб кетишга келишди, дея ичкарига қараб бақирди ходим.

Ўзи жойидан туриб, биринчи хонада ётган маҳбуслардан бирига, “ташқарига чиқ” дея буйруқ бериб эшикни очди.

Ичкаридан йигирма икки, йигирма уч ёшлар атрофидаги йигит чиқиб келди.

“Деворга қараб тур! Бошингни кўтарма, қўлингни орқага қил!” шундай дея ташқаридан келган полициячилардан бири, унинг қўлларига кишан тақди.

Аня деган полиция аёл худди шундай тарзда қизнинг қўлларига кишан ургач, уларни олиб чиқиб кетишди.

Бунгача яна уч қирғиз йигитларни олиб келишган, улар ҳам биздек залда ўтиришибди.

Фамилияларимизни айтиб битта-битта чақириб, ичкари хонада хавфли жиноятчилардек ҳар томондан расмга олишди, бармоқ изларимизни ҳам олиб, ўзимиз ҳақимиздаги маълумотларни сўрашди.

Кейин яна бир текширувдан ўтказиб, қайш, ип, темир буюмли нарсаларимизни олиб қолишиб, ҳар камерага тўрт кишидан қамашди.

Мен ва иккита қирғиз йигитларни бир хонага кирғизишди, бу камера боя олиб чиқиб кетилган рус йигит ётган жой, хонада яна бир одам тескари бурилиб ухлаб ётибди.

Хонага киришимиздан олдин, яна бир мартадан кечки овқат ейиш емаслигимиз ҳақида сўрашди.

— Жудаям чанқадим, имкон бўлса сув берсангизлар, бошқа ҳеч нарса керакмас, — дедим.

Хоналар яқинда таъмирдан чиққан шекилли, оёқ ости ва каравотлар бир хил тахтадан қилиниб лакланган, деворлар ҳам янги “краска” қилинганлиги кўриниб турибди.

Ҳар биримизга биттадан матрас ва ёпинчиқ қопламалар берди.

Ҳаммаси янги топ-тоза, фақат ухлаб ётган одам “бомж” шекилли ҳидланиб кетган, ичкарига киргач билинди, хонада нафас олиш қийин.

Шифтда, битта чироқ ёниб турибди, чироқ яқинида уч томонга қаратиб қўйилган камералар бор.

Мендан кейин хонага кириб келган қирғиз йигитларга, ҳаммаси яхши экан-у, фақат манави “бомж” сасиб кетибди, хидига чидаб бўлмайди-ку, дедим ўзбекчада.

— Мен хонани ўзи хиди шунақа бўлса керак деб ўйлабман, хид бу одамдан келаяпти экан-да, ҳозир навбатчини чақирамиз бошқа хонага ўтказ бизларни деймиз, деди улардан бири.

— Командир, бир минутга мумкинми?, — дея залда стулда ўтирган полиция ходимини чақирди у. Мен бир нарсага ҳайрон бўлдим шу жойда, нимагадир полиция ходимлари бизлар билан яхши муносабатда бўлишди. Чақирганда дарров келади, ҳожатхонага бораман дейди кимдир, яна биров чекиб келаман дейди, ҳаммасига хўп деб қилишаяпти. Камералардаги шароитлар ҳам буткул ўзгача, ёки ҳамма жойда шунақамикан?

2016 йилда “Шолкова” туманида полиция ушлаб кетганда, уч кун ўн киши бўлиб битта кичкина зах камерада ётганмиз, оёқ ости муздек кафел эди. Шунгами бу жой кўзимга бошқача кўринди.

— Нима дейсан?,  деб сўради, ўтирган жойидан зўрға туриб келган бу ходим сал қўполроқ экан.

— Манов “бомж” сасиб кетибди, бизларни бошқа хонага ўтказинглар, деди шеригимиз русчада.

— Люкс хона керакмасми мабодо? Пулини тўлаб қўйиб меҳмонхонада ётибсанми сен? Чидайсан эрталабгача!, ходим тўнғиллаб ўз жойига бориб ўтирди. Менинг кўзим тескари бурилиб ётган одамда, ҳозирги гапларни эшитдимикан? Ёки чиндан қотиб ухлаб ётибдими?

У ётган жойида девордан биз томонга ағдарилди, мен тўғрисидаги каравотдаман, жирт этиб иккала кўзи очилди. Кўк кўзларига чироқ нури тушиб тургани учун, худди иккита кичкина қўл чироқчалар ёнгандек кўринди менга. Юзига разм солиб қарадим, бомишларга ўхшамайди, соч соқоллари ҳам жойида ўсиб кетмаган. Кийим бошларига эътибор қилдим, устидаги жемфери жиггаранг, кўк рангли жинси шим, уст боши ҳам тоза.

Яна ўй хаёлларга берилдим, акам билан Ўктам акага хабар қилишим керак эди, “полиция тутди, кечгача чиқиб бораман ҳавотир олманглар” дея хабар ёзгандим. Аммо бу жойда қолишимни билмагандим, бир амаллаб айтишим керак.

Жойимдан туриб, бояги эринчоқ ходимни чақирдим.

— Телефонда гаплашишим керак, яқинларимга хабар қилмадим, улар билишмайди бу жойдалигим. Йўқолиб қолди деб қидирувга беришмасин, телефонимни беринглар, бир марта гаплашиб олай, дедим. Эшикни очиб залга чиқарди, кейин буюмларимиз сақланаётган хонага олиб кириб фамилиямни сўради. Шкафдан сумкамни олиб берди.

— Узоқ гаплашма фақат русча гаплаш, у шундай дея ёнимга ўтириб олди.

Акамга бўлган гапларни қисқача тушунтирдим, эртага тушликдан кейин қўйиб юборишар экан, ҳавотир олманглар дедим. Шу хонада ўтирган, компютерда нимадир ёзаётган бояги аёл полициячидан, сал аввал олиб чиқиб кетилган йигит билан қиз нима қилишган, дея сўрадим, қизиқишим тинч қўймадида барибир.

— Сенга нима қизиғи бор? Ёки танийсанми уларни? — ўзимга савол берди у.

— Йўқ танимайман, шунчаки сўрадим. Иккови ҳам ёш экан жудаям.

— Ортиқча савол берилмасин! Камерага тез! — буйруқ берди мени олиб келган қоровул.

Эшикдан чиқаётган вақтимда, улар биргаликда ўғрилик қилишган,  деди аёл  ўзига ўзи гапиргандек. Хонага қайтиб келсам, икки қирғиз йигитлар ўтириб олиб хонани бошига кўтаришиб суҳбат қилаяпти. Жойимга ётдим, девор томонга бурилиб озроқ ётдим-у, кейин чап томонимга ағдарилиб ётдим. Шовқиндан хаёлларим чувалашиб кетаяпти. Яна тўғримда ётган русга қарадим. Мени қараганимни сезгандек, жирт этиб яна кўзлари очилди. Товба қилдим, кўм- кўк кўзлари мушукникига ўхшайди-ей. У ҳам шовқинда ёта олмади шекилли, жойидан туриб ўтирди.

— Пастроқ гапиринглар, сизлардан ҳам бошқалар бор, — деди норози оҳангда.

Кейин ўзи ҳам суҳбатга қўшилиб кетди. Мен ҳам туриб ўтириб олдим.

— Қаердансан сен? — сўрадим русдан.

— Калугаданман.

— Қанча вақтдан буён бу хонада ётибсан, деди қирғиз йигит.

— Учинчи кун бугун, боя мени хидланиб кетибди дединглар, уч кундан бери бир жойдан чиқмасдан ётавергач шунақа бўларканда.

Демак эшитиб ётган экан-да, айтганча ўша хид йўқолиб қолдими? Ёки бурнимиз ўрганиб бўлдими? Дея ўйладим.

Рус йигитни нимага бу жойда ётганини айтиш ноқулай бу жойда, аммо эшитиб роса кулдик. Четдан қараган одам булар жиноятчилар сақланадиган камерамас, чойхонада ўтиришибди деб ўйлаши аниқ.

Хуллас бир амаллаб тонг оттирдик.

21-ноябрь, душанба.

Эрталаб нонушта таклиф қилинди, ишхатам йўқлиги учун, кейин бу маҳсулотлари ҳалолми йўқми аниқ билмаганим учун рад қилдим. Ёнимдаги икки қирғиз йигитлар ҳам олишмади. Ҳожатга бориб, юз қўлимни ювиб келдим. Жойимга ётдим ва қотиб ухлабман. Яқин орада бунақа ухламагандим, телефонсиз яшаш мазза экан. Ухлаб ётганимизда ҳам телефон ушлаб ётиб ўрганиб қолган эканмиз. Залдаги шовқиндан уйғондим, эшик ёнида ўтирган навбатчидан вақтни сўрадим.

— “12:30, яна ярим соат ўтиб судга кетасизлар” деди у.

Эрталаб навбатчилик алмашган шекилли ҳамма ҳодимлар янги башаралар. Залда тўла одам, уларни ҳам ушлаб келишган, ҳаммаси қирғизлар. Бир чеккада қоп-қора сочлари белига тушиб турган, юзига тиббий ниқоб таққан ёш қирғиз қиз ҳам ўтирибди.

Кўп ўтмай, “вақт бўлди, ҳамма ташқарига чиқсин” деган буйруқ бўлди эшиклар очилди. Залда, кеча ўзимиздан олинган буюмлар қайтариб берилди. Ўн бир киши эканмиз, шулардан икки ўзбек, қолганлар ҳаммаси қирғизлар. Ҳавфли жиноятчилар олиб юриладиган машинага миндик.

Кўп юрмади, қаергадир келдик. Тушдик, катта суд биноси экан рўпарамиздаги иморат. Ичкарига кирдик. Ўн беш дақиқа ўтар ўтмас, шовқин сурон бошланди. Миллий гвардия кийимидаги бир йигит.

— Тезда ҳамма бинони тарк этсин, тезроқ ташқарига чиқинглар!!! — дея бақириб бошлади.

Бизларни ўн бир кишини бешта полиция ходимлари қўриқлаб келишган, шулардан бири ” кетдик, ташқарига чиқамиз, бинода бомба бор экан”,  деди.

Ҳамма шошилиб ташқарига чиқишга уриниб ётишибди, бизларни қочиб кетмасин деб икки кишини битта кишанга боғлаб чиқишди.

— Командир, шу пайтда шу зарурми? Паспортларимиз сизларда бўлса, қаёққа кетамиз, — дедим жаҳл қилиб.

— Вазифамиз шунақа, паспортини ташлаб қочиб кетганларни ҳам кўрганмиз, — деди ўнг қўлимга кишан таққан ходим.

Ташқарига чиқдик, кун жудаям совуқ. Ўн бир киши, ҳаммаси қўлида кишан, худди уюшган жиноий гуруҳ қўлга олингандек турибмиз. Камига атрофимизда белига тўппонча таққан бешта девдай девдай полиция ходимлари. Ўткинчилардан баъзилар телефонга олишди, балким тик-ток, ёки ютебга ҳам чиққандирмиз. Бир оз вақт ўтиб,”ёшинг катта экан, қочсанг қувиб ета оламан” дея кулгуга олиб менинг қўлимни ечишди. Бир соатдан ортиқ вақт шу жойда турдик. Бизлар билан қўшилиб полиция ходимлари ўзлари ҳам ияги таккиллаб қолишди.

— Командир, бу нима аҳвол? Совуқ ўтиб кетди-ку, йигитларга қара, анави темир кишанлар бу совуқда баттар музлатади қўлни. Ё ечинглар, ёки бир иссиқроқ жойга кириб турайлик, дедим.

— Сен қатори бизлар ҳам турибмиз, оёқ кийимимга қара, сен қишки сапок олибсан, мен ёзгида юрибман ҳали ҳам.

— Шунинг учун бирор панароқ жойга кириб турайлик деяпман. Биз турган жойдан юз қадамча нарида метро бекати бор экан. Ҳаммамиз шу жойга кирдик, кечки бешгача кутдик. Бинони итлар билан текширишаяпти дейишди. Бешдан ўтганда ичкарига кирдик.

Суд қарори, “беш минг жарима ва Россияни тарк этиш” бўлди. Бир куни шундай бўлишини билардим ва бунга рухан тайёр эдим. Беш олти йил аввал бўлганда балким “депортация” мен учун фожиадек туюлиши мумкин эди.

— Афсус, менга фақат жарима солишади, депортация қилинмайди дейишганиди, сен учун афсусдаман, дейди эрталабдан бери биз билан бирга юрган полиция ходими.

— Кетсам ватанимга кетаман-ку, Россиядан кетсам очимдан ўладигандек ачиниш билан қарама менга, ҳозирги вазиятда юртимда ҳам сизлардагидан яхшироқ пул топишим мумкин, мен учун хафаям бўлма, мен хурсандман аксинча, дедим унга. Унинг қўлидан паспортимни олиб хайрлашиб ташқарига чиқидим.

 — Бахтиёр Турсун —

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация