1 267 18/11/2022

Халқимиз ажойиб, содда, қалби тоза инсонларимиз кўп.

2017 йил июнь ойларида бир ойдан ошиқроқ Москва шаҳридан сал чеккароқ ҳудудда қурилаётган янги уйларда ишладик.

Яқин дўстим бор эди, шу жойдаги йигирма қаватли уйлардан биттасини ички таъмирини олган фирмада “прораб” бўлиб ишларди, ўша йигит сабаб бўлиб шу фирмага вақтинча ишга келгандик.

Тўртинчи ва бешинчи қаватдаги уйларни таъмирлаш учун олдик, бригадамизда олти кишимиз.

Ўзимизнинг тумандан бўлган, асли исми Бекмурод, аммо нимагадир ҳамма Миша ака деб чақирадиган, ёши ўттиз бешлар атрофида бўлган бир одам мени ҳам бригадангизга қўшинг, деб келгани учун уни ҳам сафимизга қўшиб олиб етти киши бўлдик.

Шундай қилиб Бекмурод билан шу жойда танишдик, ўзбекнинг ҳақиқий содда йигити. Жудаям меҳнаткаш, иш вақтида тиним билмайди.

Каттами, кичикми фарқи йўқ, ким билан гаплашса ҳам, роса мулойим муомала қилади. Гапириш оҳангида умуман дағаллик йўқ.

Ҳаммани ўзидек кўнгли тоза деб ўйлайди, шунга ким нима деса ишониб кетаверади.

Халқимизда Бекмуроднинг акси бўлган одамлар ҳам кўп, шундайлардан бир-иккитаси унинг соддалигидан фойдаланиб биз бу жойга келгунча уни хизматкор қилиб олишибди.

Бекмурод бизни хонада сув қолмапти, пастдаги катта идишдан олиб келиб бер”…

Бекмурод мен роса чарчадим бугун магазинга чиқиб менга нон, сигарет олиб келиб бер”…

Бекмурод, манави қопни анави жойга олиб бориб бер”…БекмуродБекмурод… Тўхтамай телефон қилишади.

“Дарахтнинг бўшини қурт ейди” деб бекорга айтишмаган экан. У бўлса, “…майли, ҳозир…” дейди-да, югуриб кетаверади.

— Нимага улар сенга тўхтамай иш буюришади? — дедим борганимизнинг иккинчи куни.

— Мендан бир-икки ёш катта, ҳурмати бор-да, йўқ дея олмайман,— дейди.

— Эй, ёши катта бўлса ҳам, бир марта айтсин, икки марта айтсин. Гап сўзларидан билиниб турибди, улар сенга паст назар билан қарашяпти, ўзининг бригадасида ёш йигитлар кўпку, ўшаларга айтсин. Бўлди тамом, бормайсан, — дедим

— Хафа бўлишади-да.

— Бўлса бўлади-да, ҳар ким ҳаддини билсин.

Шу пайтда яна Бекмуроднинг телефони жиринглади.

— Ким ?,— дедим.

— Қудрат ака, магазинга бориб кел деганди.

— Бер телефонни менга, — унинг қўлидан телефонни олдим, — ало, эшитаман.

Миша, кетдингми магазинга!!! — овоз келди нариги томондан, худдики бой ота хизматкорига ўшқиряпти.

Бекмурод сизнинг доставкачингизми? Ўзингизнинг оёқ қўлингиз синиб қолганми? — ўзининг оҳангидан баландроқ қилиб жавоб қайтардим.

— Кимсан сен ўввв, нима деяпсан? Миша қани?

— Бешинчи қаватдаги иккинчи уйга келинг, кимлигимни кўрасиз, — шундай дедим-у, телефонни ўчирдим. Қайта қилди олмадим.

Бир пайт залда гурс, гурс қадам товушлари эшитилди, Қудрат ака келяпти, ҳуддики ёв устига бостириб келяпти ўзи-ча.

Қудрат акани яхши танийман, ёши элликдан ошган, бўйлари баланд одам. У киши ҳам Самарқанддан, бизларга қўшни тумандан.

Беш-олти ой олдин таниш билишлар орқали ишсизман иш керак деганда, айнан шу фирмага ишга киришига сабабчи бўлгандим.

— Қайси биринг Мишани телефонида гапирган? — деди у эшикдан кирар-кирмас. Афтидан бизнинг бригада бу жойга ишга келгани эсидан чиққан экан. Гапиришга гапирди-ю, бизларга кўзи тушиб кирган жойида қотди.

— Келинг ака, мен гапирдим телефонда, — дедим.

— Ҳа, сенмидинг? Қўпол гапирадиган бўлибсанми, одамни ёшини ҳам ҳурмат қилмасдан? — нима бўлса бўлди қабилида, паст кетгиси келмаяпти энди.

— Ёши катта одам ёшига яраша иш қилса, яхши гапирамиз ака, чойдан ичинг, — бир идишга чой қуйиб узатдим.

Яқин келиб қўлимдан идишни олиб шу жойга ўтирди, шу билан дами ҳам ўчди. Бошқа гапирмади ҳам.

— Магазин бориш керак бўлса, хонангизда бирга яшайдиган ёш йигитлар кўп-ку, ўшаларга айтинг. Мана менга айтинг, бригадамиздаги йигитлардан бирини юбораман, аммо ҳадеб бир кишига осилиб олиш уятда ака.

Ҳар-ҳар замонда бир иш айтинг, ёшмиз деб, хўп деб қилайлик, ҳар майда-чуйда ишларни айтавериш, жеркиб гапириш, менсимасдан муомала қилиш яхшимас ака.

— Хўп, тушундим, узр ука. Жаҳлим чиқиб турганди, қаттиқ гапириб юбордим, — шундай дея чиқиб кетди. Яна бир икки киши телефон қилди, уларни ҳам жавобини бердим.

Бекмурод, йигит киши ўз ўрнини билиши керак, ҳар кимга ўзингни оёқости қилдираверма, дунё сен ўйлагандек фақат яхшилардан иборат эмас, — дедим унга.

Бир куни ишдан кейин кечки овқатни еб, беш олти киши дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирибмиз.

— Аввалги ишлаган фирмамизда озроқ иш ҳаққимиз қолиб кетган эди, иккита “болгарка” билан, битта “перфаратор”ни сумкамга тиқиб, ўғрилаб чиқдим, — деди Қашқадарёлик Ғайрат исмли шеригимиз.

— Мен битта лазерни олиб кетдим, пулимизни бермагач олдимда, — дея гапга қўшилди Даврон деган ёш ишчимиз.

— Мен ҳам олдим, иккита “перфаратор” билан битта кичкина “болгарка” олдим, фақат мен очиқча “прораб”ларга ҳам, Русланга ҳам айтиб, қачон қолган пулларимизни берсанг шу инструментлар пулини қайтариб оласан деб олдим, — дедим мен. Яна бир икки киши қурилиш фирмаларидан олган нарсаларини мақтанди.

Шу пайтгача бир чеккада жим ўтириб, ҳамманинг оғзига бир-бир қараб турган Бекмурод ҳам гап бошлади.

— Мен ҳам олганман, битта “болгарка” билан битта “шруптавёр” олиб яшириб қўйганман, — деди. Шу ўғрилик қилганини ҳам жуда маданият билан, чиройли қилиб айтиб берди.

Табиийки унинг ўғрилик қилишга ҳеч ким ишонмай, уч тўрт киши бараварига “..сен-а?” — дедик.

— Ҳа, мана шу фирманинг аввалги объектини топширишда олдик, Қудрат ака роса кўп нарсани ўғрилаб сотиб юборди, сенга ҳам керак бўлади деб, қўярда-қўймай шу икки инструментни менга берди.

— Ҳозир қаерда? Сотасанми? — дея сўради орамизда энг ёши каттамиз Солиддин ака.

— Ҳа сотаман, мен уста бўлмасам, унақа нарсаларни ишлатишни билмасам, нима қиламан.

— Олиб чиқ қани, кўрайлик, маъқул келса мен сотиб оламан, — Солиддин ака ростдан қизиқди.

Бекмурод жойидан туриб, биз ўтирган хонага ёнма-ён жойлашган ваннахонага кириб кетди. Менинг бунақа вазиятларда баъзи вақтлари қитмирлигим тутади. Ўтирганларга имо ишора қилиб жим туришини тушунтирдим.

— Бу Бекмуродни яхши, қўй оғзидан чўп олмайдиган йигит деб юрсак, қип-қизил ўғри экан-ку а, нима қилар экан дея ёлғондан бизлар ўғрилик қилганмиз десак, оғзидан гуллаб ўтирибди.

Ҳозир телефон камерасига олиб, эртага прорабларга кўрсатаман, — дедим атай овозимни баланд қилиб.

Қўлимда телефон билан ваннахона томон борсам, нималарнидир шунақа тез ўраяпти. Битта қопни бурчакка отиб, устига атрофда нима бўлса отяпти.

— Ҳа Бекмурод, нима қиляпсан?, — дея бақирдим. Бечора эгилиб турган жойидан шартта туриб, икки қўлини орқасига қилиб олган. Кўзлари мўлтираб.

— Ҳеч нарса йўқ, менда ҳеч нарса йўқ. Ҳазиллашдим, ҳеч қанақа “болгарка” йўқ менда, — дейди. Шунақа тез гапирдики кулгудан ўзимни тия олмадим. Нариги хонадагилар ҳам эшитиб ўтиришганди, улар ҳам юмалашди кулавериб.

Бекмурод, сени жиғингга тегиш учун ҳазил қилдим, — десам ҳам ишонмайдида. Эринмай телефоним очиб кўрди, видеони ўчиринг илтимос дейди.

— Камера қўшмадим, — деб зўрға ишонтирдим.

— Ўзи бекор олган эканман, анави Қудрат ака мени йўлдан урди, ол деса олаверибман. Эртага қайтариб олиб бориб бераман “прораб”ларга, — дейди. У дедик, бу дедик кўнмади.

Эраси куни чиндан ҳам олиб бориб берибди. “Нариги объектда олиб ишлатгандим, эсимдан чиқиб кетибди” дебди.

Икки ойга яқин бирга ишлашдик, Бекмурод ҳақида ҳали яна ёзаман, чиндан ҳам ажойиб инсон. Биз бошқа жойга ишга кетаётган вақтимиз, кўзлари мўлтираб орқамиздан қараб қолганлари ҳозиргача кўз олдимда.

Бахтиёр Турсун

15. 11.2022

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация