Мақола

2 031 07/05/2023

Жорий йил 3 май куни Москванинг Строгино туманида 15 йилдан буён кўча супурувчиси бўлиб ишлаб келадиган ўзбекистонлик Усмон Мелиев шу ерда яшовчи оиланинг эътиборсизлиги сабаб ахлатга ташлаб юборган 5 млн рубль миқдоридаги пулларини топиб, эгасига қайтариб берди.

Маълумотларга кўра, Усмон Мелиевга бошқарув хонасидан қўнғироқ қилиб, кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи оила тасодифан баъзи ҳужжатларини ахлат қутисига ташлаб юборганликларини ва уларни топишда ёрдам сўрашаётганини айтишади.

“Мен эрталабданоқ бу муаммони ҳал қилишга киришаман деб ваъда бергандим ва соат 06:00 да дўстим Жамшид билан бирга уйга келдим”, дейди Усмон.

Маълум бўлишича, хонадон аёли уйини тозалаганда эски нарсаларни ахлатга чиқариб ташлаган, бироқ у чиқарган нарсалар орасида эрининг яшириб қўйган 5 млн. рубли ҳам бўлган. Аёл бу ҳақда эри уйга келганидан сўнг билган.

Шундан сўнг, Усмон Мелиев дўсти билан уч соат мобайнида чиқинди қувурини қидириб, сумкани топган ва пулларни эгасига қайтариб берган.

15 йилдан буён фаолият юритадиган Усмон Мелиев бу ҳудудда кўплаб топилмаларни учратиши ва имконини топиб эгаларига қайтариб келаётганини айтган. Бундай топилмалар орасида планшет ва, ҳатто тилла занжирлар ҳам бўлган.

Пулларини қайтариб олган оила миннатдорчилик сифатида Усмонга бир қоп олма ҳадя қилишган. Усмон Мелиев ёрдами эвазига ҳеч кимдан миннатдорчилик кутмаслигини айтган.

“Ота-онам ўзгаларнинг бахтсизлиги устига бахт қура олмайсан, деб ўргатишган. Қизим ва ўғлим мактабга боришади. Мен ҳар доим қилаётган ишларимда уларга намуна бўлишга ҳаракат қиламан”, – дейди у.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация