Охирги йилларда нафақат муҳожирлар орасида, балки ўн етти ўн саккиз ёшгача бўлган ёшларни Россия фуқароларини ҳам шунақа ишлар, яъни наркокурьерликка жалб қилиш ҳоллари жудаям кўпайиб боряпти. Охирги икки-уч йил ичида айнан муҳожирларни жалб қилиш кўпайди, чунки улар кўпинча тилни билмаслиги ёки маълум бир моддий қийинчилигидан келиб чиқиб шу ишларга қўл урмоқда. Афсусланарлиси шундаки, айрим ҳолларда ўзимизнинг ўзбек тожик муҳожирлар томонидан ўз ҳамюртларини мазкур жиноий ишларга жалб қилиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Муҳожирлар орасида наркотикка мойиллиги масаласи кўтарилган эмас, бу айнан пул топишга бўлган қизиқиш.
Мана шу интервюга тайёргарлик пайтида Россиядаги бир қанча ватандошлар, ўқувчиларимиз билан гаплашдим, наркокурьерликка жалб қиладиган хабарномаларни, эълонларни кўриб чиқдим. Ўша эълонлардан бирида очиқдан-очиқ “синтетик моддаларни етказиб бериш хизмати” деяпти. Кунлик юз доллардан бошлаб ҳафтасига минг рублгача даромад таклиф қиляпти. Шахсий автомашинаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда техник паспортга эга бўлиши керак, деяпти. Беш юз доллардан беш минг долларгача даромад таклиф қилишган, бу ойлик бўлса керак, менимча.
“Синтетик моддалар, наркотик моддалар” деяпти! Наҳотки мана шу оғир жазога ёки қамоққа олиб боришини билиб туриб, ўз ватандошларини жиноят қилишга ундашади?! Бу ишни, асосан, ёшлар, ҳали уйланмаган йигитлар, иш ҳақини олмасдан қийналиб қолганлар бажаради. Телеграмда фарзанди қамалиб қолган инсонларнинг гуруҳи бор экан. У ерга ҳам кириб кўрдим: гуруҳга уч юздан ошиқ ота-оналар аъзо. Ўша қамалган фарзанди ота-онасига тўғрисини айтмас, ушлаб беришди, уюштиришди деган хабарларни айтишяпти. Лекин мана шу эълонларни кўрганимдан кейин уларнинг жиноятни билиб туриб қилаётганини тушундим. Наркокурьернинг фаолияти одатда ўртача икки-уч ойдан кўпга бормас экан. Икки-уч ой ишлагандан сўнг полиция уни қўлга туширади. Уларни бошқараётган, иш бераётган шахслар полиция билан алоқаси бор, деган фикрга келасиз. Уларни ёзишмалари, қайси нуқтадан қаерга олиб бориб берган, неча грамм олиб борган, ҳаммасининг маълумоти чиқиб келади. Ички ишлар органида барча далиллар бор, жуда ҳам пухта қилинган. Судда уни оқлаш жуда ҳам қийин масала. Барча далиллар борлиги бу нарсага тайёргарлик кўрилгани, уюштирилганлиги билиниб турибди. Полиция ҳисобот топширадиган пайтида ўзини кўрсатиш учун наркотик сотувчига “сен бизга иккита-учта курьерингни берасан, биз уни ушлаймиз. Бизга бу натижа бўлади, сенга ишлаш учун йўл қилиб берамиз”, дейишар экан. Буни россиялик журналистлар суриштирув асосида ёзяпти. Яъни у ўша эълон бераётганлар, шу ишни ташкил қилаётганлар ушланмайди. Уларга хизмат қилаётган курьерлар қўлга олинади. Уларга ўзбекми тожикми ким қурбон бўлиб кетиши, ким ўн йил, тўққиз йил, етти йилга қамалиб кетиши ҳечам қизиқ эмас. У ерда оператор ва наркокурьерлар бир бирини танимайди. Ўша пулни ҳам картасига ўтказиб беради. Бир ёш болани шунақа жалб қилишганда у билиб қолиб туриб мен бу билан шуғулланмайман деган. Шундан кейин уни шантаж қилишган, агар ишламасанг олдинги ишларингнинг далиллари бор, биз сени полицияга топширамиз, деб қўрқитишган.
Жудаям кўп ватандошларимиз Россияда қамалиб кетяпти, кўпи туҳмат билан. Рус тилини билмаслигидан, малакали юридик ёрдамга маблағи бўлмаганлигидан. Украина билан бўлган ҳолатдан кейин кўрдикки, айнан шу наркотик билан қамалганларнинг аксариятига урушга қатнашиш таклифи бўляпти. Бу узун ташлаб қўйилган арқоннинг бир учимикан, дейсизда. Атайин мана шу ҳолат ҳолатлар кўпайтирилаётгандир деб ўйлаб қоласиз. Яқинда бир танишимиз Россия қамоғида бир йил ўтириб чиқди. Унинг айтишича, унга ҳам урушга бориш таклиф қилинган. У Украинага кетаётган ўзбеклар ҳам кўплиги, уларга ҳеч қандай ҳуқуқий ёрдам олишнинг иложи йўқлигини айтди. Қамоқдаги қийноқлар ичида ўтирган маҳбусга “олти ой урушда қатнашиб келсанг, сени қўйиб юборамиз, пул ҳам, фуқаролик ҳам берамиз”, деса алданиб қолади.
Ботиржон Шермуҳаммад, ҳуқуқшунос