Рубль курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этмоқда. Бунинг ортидан ўзбек банкларида нақд доллар тақчиллиги юзага келди.
“Бир банкда навбат етмайди, бирида пул тугаган, яна бири доллар бермас экан”, дея вазиятни таърифлади ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.
Kun.uz мухбири ушбу мавзу юзасидан банк ходимлари ва мигрантлар билан суҳбатлашди.
Ўзбекистондаги тижорат банкларида хориждан юборилган пулларни нақд доллар кўринишида олишда жиддий муаммолар юзага келган. Бу ҳолат республиканинг деярли барча вилоятларида кузатилмоқдаOʻp ҳам, сўм ҳам қолмаганини иддао қилиб, хориждан юборилган пулларни олишга келган фуқароларни қайтариб юборишган.
Kun.uz мухбири суҳбатлашган банк ходимининг маълум қилишича, охирги 3 ҳафтадан бери жиддий доллар тақчиллиги кузатиляпти.
“Ўзбек банкларида пул ўтказмаларини нақд долларда олиш масаласи мураккаблигича қолмоқда. Гап шундаки, қўшни давлатлар меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул жўнатиб, нақд ечиб олишлари кўпайганидан биринчи навбатда ўзимизнинг қоракўзлар – ватандош мигрантларимиз жабр кўришмоқда. Чунки спекулянтлар ва кўплашиб катта пул юборадиганлардан фарқли ўлароқ, ўзбекистонликлар ўз оиласига кўпи билан 500-1000 долларгача пул юборади. Айрим банк нуқталарида қўшни мамлакатлар ёки спекулянтлар 5 минг доллар ё 10 минг доллар пул ечиб олиши билан бизнинг ўзбекистонликларга, яъни камроқ пул ўтказмалари жўнатаётганларга навбат етмай қолиши оддий ҳолга айланиб қолди.
Кейинги кунларда қўшни мамлакатлар мигрантлари сафига бизнес эгалари ҳам қўшилиб олгани юкламани ва нақд доллар етишмовчилигини янада кучайтирмоқда. Нафақат қўшни давлатлар бизнесменлари, балки россиялик тадбиркорларга (хусусан, релокантларга ҳам) Ўзбекистонга рубль жўнатиш ва нақд доллар олиш жуда афзал бўлиб қолди.
Ҳозир, айни дамда бозор йўли билан қанақадир ўзгартиришлар киритиш жуда қийин. Шунинг учун, бир жўнатувчига нисбатан чекловларни маъмурий тартибда, иложи бўлса, ҳар бир банк ўз имкониятлари ва хатарларидан келиб чиқиб ўрнатиши керак бўлади. Катта миқдордаги (табиийки, спекулятив ва тижорий характерга эга) ўтказмаларни нақдсиз кўринишда ҳисобварақларга ё валюта карталарига ўтказиш тизими ишга тушиши зарур”, дея ёзганди иқтисодчи.
Молия-банк соҳаси мутахассиси Исмоил Туроповнинг Kun.uz’га маълум қилишича, чекловлари ва тақчилликларга Ўзбекистон ички валюта бозоридаги курсларининг қўшни давлатларга қараганда жозибалироқ экани ҳам таъсир ўтказмоқда.
“Тижорат банкларида нақд доллар тақчиллиги ҳақидаги хабарлар ўн кунча олдин маълум бўла бошлаганди. Кейинчалик, Марказий банк бу вазият нақд валютага бўлган талаб билан боғлиқ ҳолда эканлиги, шунинг натижасида баъзи банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчаларида навбатлар юзага келаётганини айтганди. Бироқ, сўнгги пайтларда нақд валюта сотиб олиш бўйича айрим банклардаги чекловлар ва тақчилликлар ҳақида хабарлар кўпайди.
Фикримча, бу ички валюта бозоримиздаги валюта курсларининг қўшни давлатларга қараганда жозибали эканлиги билан боғлиқ. Масалан, сиз ҳозир Россиядан Ўзбекистонга рубль жўнатиб, уни бу ерда АҚШ долларига айлантирсангиз ва қўшни давлатларга олиб чиқиб кетсангиз – катта манфаат топишингиз мумкин. Балки, чегарадаги катта миқдордаги валютани ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринишлар, фош этилаётган «ерости йўллари» бекорга эмасдир.
Қисқаси, валютага бўлган талабнинг ғайритабиий ортиши бўйича яхшироқ ўрганилса ва муаммолар бартараф қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дейди у.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида Ўзбекистонга чет элдан қарийб 4,2 млрд долларлик пул ўтказмалари юборилган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 61 фоизга кўп. Пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирларнинг ҳам Ўзбекистонга пул ўтказаётгани фонида юз бераётган бўлиши мумкин. Чунки қўшни давлатларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар ўрнатилган.
“Марказий Осиё давлатлари миллий валюталари мисли кўрилмаган босимга учраяпти”
Отабек Бакировнинг таъкидлашича, рублнинг мустаҳкамланиб боришига қарши чоралар кўрилмаса, жорий йилнинг охирига бормасдан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиётлари Россия иқтисодиётининг проксисига айланиб қолади.
“Рубль собиқ совет ўлкалари валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этмоқда. Бу миллий регуляторларнинг мутлақо нейтраллиги шароитида рўй бермоқда. Агар шу ҳолат рублга нисбатан эмас, масалан, долларга нисбатан рўй берганида бозор ричаглари билан бирга аллақачон маъмурий аралашувлар ишга туширилган бўларди. Ўзингиз ўйланг, 3 ой ичида 1 доллар 18 мингга чиқиб кетса ёки 6 мингга тушиб кетса, вазиятни ўз ҳолига ташлаб бўладими? Ой бошида тенге рублга қарши туришга бир неча бор уриниб кўрди, лекин бу ҳозирча муваффақият келтираётгани йўқ. 29 июнь куни, рубль/тенге, афсуски, тарихий максимум 8,85гача етди. Марказий Осиёнинг бошқа валюталари рубль олдида аллақачон қўлини кўтарган. Рубль/сом 1,55 гача, рубль/сомоний 0,21гача, рубль/сўм 205 га қараб кетяпти. Яъни валюта уруши аллақачон эълон қилинган ва биз ҳеч қандай қаршилик кўрсатаётганимиз йўқ”, дея ёзади у.
Бакировнинг фикрича, “рублга қарши туриш учун” минтақа мамлакатлари биргаликда ҳаракат қилиши керак.
“Ҳозирги шароитда минтақамизда бирор бир валюта мустақил равишда рублга қарши позицияларини бир ўзи ҳимоя қила олмайди. Ўзаро паритетни сақлаган ҳолда рубль курси туширилмаса, шу йилнинг охирига бормасдан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиётлари Россия иқтисодиётининг проксисига айланиб қолади”.