Maqola

895 15/08/2023

Ўзбекистонлик муҳожир педофилликда айбланмоқда. У 2 йилдан буён Россияда кўча супурувчи бўлиб ишлаётган эди. Шокирнинг турмуш ўртоғи Малика (исмлар ўзгартирилган) нинг “Migrant.uz”га айтишича, эри тушунмовчиликнинг қурбони бўлмоқда.

– Биз (ўзбеклар)да болачаларни “чукингдан бер” деб эркалаймизу, эрим қўшни болачани шундай ҳазиллашиб эркалаб юрарди, – дейди Малика.

Муҳожир аёл эр-хотин Россияда бирга яшаб ишлашлари, 2 нафар фарзандлари борлиги, уларни ота-оналарида қолдириб келишганини гапирди.

– Уйдан, болалардан узоқдамиз. Эрим болаларни яхши кўради. Шунинг учун қўшни болачаларни кўрганида улар билан ўйнарди. Болачалар ҳам эримни таниб қолишган. Ишдан келишларига ёнига югуриб келишарди. Бирга ўйнаганларини ўзим ҳам кўрганман, – дейди аёл.

У Шокирни педофилликда айблаган қўшни рус аёли 5 ёшли боланинг онаси бўлганини айтди. Маликага кўра, аёл Шокирнинг унинг ўғлига тегиниб ҳазиллашиб ўйнаётганини кўриб қолган. У бу ҳолатни нотўғри тушунган ва дарров полиция чақирган. Полиция етиб келгунича, Шокир ишга кетган бўлган. Уни иш жойидан маҳкамага олиб кетишган.

– Қўшни аёлга узр сўраб вазиятни тушунтирай, деб уйига бордим. 2 та ўқувчи қизлари бор, уйда фақат улар бор экан. Эшик қўнғироғини чалдим, очишмади. Оналари келганидан кейин келаман, деб ижара уйимизга қайтдим. Бирпас ўтмай, уйимизга полиция келди. Қўшни аёл мени “уйимизга келиб, қизларимни қўрқитаяпти” деб полиция чақирибди. Полиция ходимлари “у уйга бошқа борма, бўлмаса сен ҳам қамаласан”, деб огоҳлантиришди, – гапириб беради Малика.

Айни пайтда Шокир педофилликда айбланиб, тергов жараёнлари кетмоқда. Унинг аёли адвокатлар ҳам эрига ёрдам бера олишмасликларини айтишаётганидан куйинмоқда.

– Ҳеч ким бу ишда эримнинг чиқишига умид бермаяпти. “Нозик иш, ёрдам беролмаймиз”, дейишаяпти. Афсус, қўлимиздан бир иш келмаяпти, чорасизмиз, – йиғлайди аёл.

Малика эрининг айбсизлигига ишонади.

– Эрим ахлоқли, тўғри инсон. 8 йилдан бери бирга яшаймиз. Бирон ножўя ҳаракатини сезмаганман. Мусофирдалигимиз, болаларни соғинганимиздан шу аҳволга тушиб қолдик. Бола эркалашни оқибати бунақа бўлиб кетади, деб ҳеч хаёлимизга келмаганди, – дейди у.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya