Мақола

445 08/01/2023

2016 йил сентябрь ойи охирлари эди. Москва вилоятининг Шёлково туманида қурилаётган янги уйларда ички таъмирлаш ишларида ишлардик. Ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар кўпчиликни ташкил қилган бу жойда ҳаммамиз яқин дўст, биродар бўлиб юрдик.

Бир куни бахтсиз ходиса юз бериб, бир қирғиз йигити бешинчи қаватдан тушиб кетди. Россияга яқиндагина келган 23 ёшга кирган йигит экан. Тез ёрдам чақирдик.

Етиб келган тез ёрдам машинасига кўтариб солаётганимиздаги ҳолат, йигитнинг чекаётган азоби, инграшлари ҳозиргача қулоғимда қолиб кетган.

Шифохонага етиб боргандан кейин йигитни зудлик билан жарроҳлик столига ётқизиш кераклигини айтишди. Йирик суяклари бир неча жойидан синган экан. Биз ишлаётган фирма катта харажатларини кўтарди. Қирғизистондан ота-онаси ҳам етиб келди.

Бундай дамда жим қараб томоша қилиб туриш уят эди. Дарҳол хайрия уюштириб, таниган билганим борки ёрдам сўрай бошладим. Яхшигина пул йиғилди. Пул юборганлар орасида Тожикистонлик биродарларимиз ҳам бор эди.

Қирғизларнинг Чингиз исмли диёнатли бригадири бор эди, тўпланган пулни қўлига бердим.

«Ўзбеклардан ёрдам, ҳаммамиз тезроқ шифо топишини сўраймиз», – дедим.

Орадан уч кун ўтгач, Чингиз телефон қилиб қолди:

– Операция жуда яхши ўтди, беморнинг аҳволи яхши, раҳмат сизларга ҳам. Бир умр унутмаймиз ўзбеклар қилган бу яхшиликни, – дея қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

Кейинги куни иш жойимизни полиция босди. Кўпчилик қочиб қутулди. Бизлар, ўн нафар ўзбек иложсиз қолиб кета олмадик, қўлга тушдик. Ҳужжатларимиз бор-у, Москва шаҳрига қайд қилинган, биз эса вилоятдамиз.

Хуллас, бизларни полиция бўлинмасига олиб кетишди. Битта кичкина, аслида тўрт киши зўрға сиғадиган хоначага 13 кишини тиқишди. Биз ўн кишимиз, хонада яна уч киши бор экан.

Полиция бизга қўйган талаб қатъий эди: «Агар қайси фирмага ишлаётганларингни айтиб, ёзиб берсаларинг, қўйиб юборамиз». Лекин тажрибадан маълумки, барибир қўйиб юборишмасди.

Фирма катталари, бизни сотсанглар бир сўм ола олмайсизлар (икки ойлик иш ҳақимизни олмаган эдик), деган хабарни етказишди. Хуллас икки ўт орасида қолдик.

Ҳеч нарса ёзмадик, ҳеч қандай қоғозга имзо ҳам қўймадик. Уч кун шу зах хонада сақлашди.

Уч кун қирғиз йигитлари ташқаридан ҳар 3-4 соатда овқат олиб келиб туришди. Шароитини айтмаса, еб-ичиш худди дам олиш масканига боргандан зўр бўлиб кетди. «Кўп шартмас, бошқа олиб келманглар» деганга кўнмайди.

Навбатчи полиция ходимлари бошқа киритмаймиз деса, жанжал қилишади. Иш жойимиз билан полиция бўлинмаси оралиғи жуда яқин эди. Учинчи куни ҳар куни бир келиб кетадиган Чингизга айтдим:

– Бориб фирма катталарига айт, агар бугун ё эртага бизларни бир амаллаб бу жойдан олиб чиқишмаса, ўзим ҳаммасини ёзиб, имзо қўйиб бераман.

– Бўлди айтаман, бизлар ҳам сизларни чиқариш учун ҳар куни прораблар билан тортишаяпмиз, қўлдан келгунча ёрдам қиламиз, – деди у ҳам.

Агар ноқонуний ишлаганимизни билдириб, биз шу фирмада ишлаймиз дея ёзиб берсак, фирма бизларни ишлатганига ҳар бир одам учун жуда катта жарима тўлаши керак эди.

Ўша куни тўрт-беш нафар қирғиз бригадирлари бирлашиб, бараварига иш ташлашибди ва катталарга бизларни чиқариш шартини қўйишибди. Хуллас кейинги куни озодликка чиқдик!

Ўн кишидан бирортамиз ҳаттоки жаримага ҳам тортилмадик. Энг қизиғи, иш жойимизда битта катта хонани созлаб олиб яшар эдик. Хонамизга кирсак, катта дастурхон безатилган. Ўзимизнинг бригададаги қолган йигитлар билан Чингиз бошчилигидаги қирғиз йигитлари бизни кутиб ўтиришибди.

Худди ўн йил қамоқда ўтириб чиққан одамлар билан кўришаётгандек келиб ҳамма бизлар билан қучоқлашиб кўришгани, қирғиз-ўзбек йигитлари аралашиб ўтириб катта стол атрофида хурсандчилик қилиб байрам қилганларимиз кечагидек ёдимда…

— БАХТИЁР ТУРСУН —

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация