Мақола

832 08/09/2023

Нижнекамскдаги “Султон” кафесида Ўзбекистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Воқеа 3 сентябрь куни соат 01:05 да содир бўлган. Бу маълумотни Татаристоннинг Нижнекамск тумани ижроия қўмитаси раҳбарининг фавқулодда вазиятлар, фуқаро мудофааси ва терроризмга қарши кураш бўйича ўринбосари Артур Салахов тасдиқлаган.

Видеода акс этган оммавий муштлашувда 35-40 га яқин одам иштирок этгани кўринади.

Татаристон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, етиб келган полиция ходимлари икки гуруҳ ўртасида аёл сабабли жанжал келиб чиққани, кейинроқ кўчада муштлашувга айланганини аниқлашган. Полиция ҳодисанинг барча иштирокчиларининг шахсини аниқлади. Россияда қонуний яшаётган уч нафар чет эл фуқароси қўлга олиниб, қўшимча тергов ўтказиш учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган, деб хабар берган Салахов. Унга мия чайқалиши ва бош суягининг орқа қисми синиши ташхиси қўйилган. Мавжуд маълумотларга кўра, можаро сабабчиси мигрантлардан бирининг аёли бўлган.

Мазкур факт юзасидан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар қилган Татаристон Республикаси ИИВ матбуот хизмати. Жабрланувчини даволаш натижаларига кўра соғлиғига етказилган зарарни аниқлаш ва жиноят ишини янада қайта тоифалаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жиноятни очиш ва ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Татаристон Республикаси Ички ишлар вазири топшириғига кўра, бундай ҳодисаларнинг юзага келиш сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ижроия қўмитаси раҳбари ўринбосари хориж фуқаролари жойлашган умумий овқатланиш корхоналарида текширувлар ўтказиш масаласи ҳал этилаётганини таъкидлади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация