Мазкур тўлов тизими орқали телефон рақами бўйича чет элга онлайн пул ўтказиши мумкин.
Марказий Осиё банклари Россия банкининг тезкор тўлов тизимига уланишни бошлади, деб хабар бермоқда РБК нашри.
Бу ҳақда Россия банки Миллий тўлов тизими департаменти директори ўринбосари Олег Перестенко маълумот берди.
РФ МБ вакилининг айтишича, 2022 йил июль ойидан бошлаб хорижий банкларга билвосита иштирокчилар орқали трансчегаравий ўтказмаларни амалга ошириш имконияти яратилди.
“Бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 12 та хорижий банк тезкор тизимга уланган”,- қўшимча қилди Перестенко.
Тезкор тўловлар тизими Россия Марказий банки томонидан 2019 йилда банклараро ҳисоб-китобларни тезкорлик билан амалга ошириш учун ишга туширилган. Хусусан, у орқали исталган вақтда, жумладан, дам олиш ва байрам кунлари ҳам мобил телефон рақамидан фойдаланган ҳолда пул ўтказиш мумкин.
Марказий банк кўрсатмасига кўра Россия ҳудуддида ойига 100 минг рублгача бўлган пул ўтказмалари учун комиссия ундирилмайди.
17 ноябрдан бошлаб трансчегаравий ўтказмалар учун ягона комиссия амал қилиб, бир ўтказма учун жўнатувчи томонидан 6 рубль тўланади.
23 ноябрь куни “ВТБ Банк” трансчегаравий пул ўтказмалари учун тезкор тўловлар хизматини синовдан ўтказишни якунлаганини маълум қилди.
Август ойидан бошлаб “Сбербанк Онлайн” Ўзбекистон ва Қирғизистонга тезкор тўлов тизими орқали пул ўтказмалари учун комиссияни бекор қилди. Бироқ, баҳорда жорий этилган санкциялар туфайли ҳозир фақатгина рублдаги пул ўтказмалари мавжуд. Бу ҳақда Spot.uz нашри хабар берди.