10, 30, 33, 100 ва 170. Бу рақамлар нимани англатар экан, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бу рақамлар Марказий Осиёнинг 5 республикаси фуқаролари чет элда паспорт олиш учун тўлайдиган тўлов миқдорларидир. Лавҳамиз давомида ушбу мавзуга батафсил тўхталамиз.
Ўзбекистон фуқаролари республиканинг дунё мамлакатларида фаолият юритувчи консулликлари орқали турли ҳужжатларни олишлари мумкин. Хорижга чиқиш биометрик паспорти шулар жумласидан. Ўзбекистон консулликларида паспорт олиш нархларига ўтишдан аввал, ён қўшни республикалар консулликлари орқали паспорт олиш қанчага тушишини кўриб чиқсак.
Ўзбекистоннинг шарқий қўшниси бўлган Қирғизистон фуқаролари учун хорижда паспорт олиши жуда-жуда арзонга айланади. Улар сўралган ҳужжатлар билан бирга, диққат қилинг, бор-йўғи 10 АҚШ доллари тўласа, белгиланган муддатдан сўнг паспорт олишади.
Қозоғистон консулликларида фуқаролик паспортини бериш 2265 рубл ёки 30 АҚШ долларини ташкил этади.
Туркманистон консулликларида паспорт олиш учун 2 хил нарх белгиланган бўлиб, паспорт олишда 33 АҚШ доллари, йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган паспорт учун 93 АҚШ доллари тўланади.
Ҳа, яна бир гап. Туркманистон расмни елимлаш учун ҳам 33 АҚШ доллари пул тўлаш кераклигини белгилаб қўйган.
Тожикистон консулликлари ўз фуқароларига паспорт бериш хизматини майда-чуйда қилиб ўтирмасдан, нақд 100 “кўк”ига баҳолаган. Шундай қилиб, тожикистонлик хорижда паспорт олмоқчи бўлса, зарурий ҳужжатлардан ташқари, “Франклин” жанобларининг сурати туширилган купюрасини тўлаб қўйиши керак.
Ва ниҳоят. Ўзбекистон консулликларидаги хизмат нархлари ҳақида. Халқ орасида “қизил паспорт” деб аталувчи ушбу матоҳсиз Ўзбекистондан чет элга чиқа олмайсиз. Тасаввур қилинг, сиз аллақачон чет элдасиз ва паспортингиз муддати ўтди, ёки яроқсиз ҳолатга келиб қолди ёхуд йўқотиб қўйдингиз. Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин-ку!
Агарда сиз, чет элда Ўзбекистоннинг хорижга чиқиш паспортини олишингиз зарур бўлиб қолса, Ўзбекистоннинг ўша мамлакатдаги ёки ўша мамлакатга хизмат кўрсатувчи консуллигига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
Хўш, сиз бунинг учун қанча сумма тўлашингиз керак бўлади? Ўзбекистоннинг хорижга чиқиш паспортини консулликлар орқали олиш тўловини эълон қилишдан олдин, юраги бўшлар чуқурроқ нафас олишларини тавсия қилиб қолардик.
Чет элда вақтинча яшаб турган ўзбекистонлик хорижга чиқиш паспортини олиш учун камида 170 АҚШ доллари миқдорида тўловни амалга ошириши зарур. Бу ҳали ҳаммаси эмас, агар сиз паспорт олиш муддатини кечиктирган бўлсангиз, ҳар бир йил учун қўшимча 50 долларнинг баҳридан кечишингизга тўғри келади.
Паспортингизни, Худо кўрсатмасин, чет элда йўқотиб қўйсангиз борми, қўшимча 70 АҚШ долларини тайёрлаб қўяверинг. Фарзандингизми ё ўзингиз паспортни яроқсиз ҳолга келтириб қўйдингизми, фарқи йўқ, яна 50 долларни қўшаверасиз.
Хуллас, Марказий Осиёнинг 5 республикаси консулликларида паспорт олиш нархлари билан танишдингиз.
Барчани қуйидаги саволлар ўйлантираётган бўлса ажаб эмас:
Нима учун Ўзбекистон консулликларида бир парчагина қоғоз қўшнилардагидан каррасига қиммат?
Ёки консулликларда хизмат кўрсатиш нархини белгилаганлар чет элдаги ўзбекистонликлар пулни супуриб олишади, деб ўйлашадими?
Умуман, “қизил” паспорт нархи қайси критерия асосида бу даражада қиммат белгиланган?
Тасаввур қиляпсизми, Ўзбекистонда 300 минг сўм (27,62 доллар) турадиган паспорт чет элда каррасига қимматлайди. Ушбу нархни белгилаган ҳурматли мутасаддилар хориждаги фуқаронинг тилла хазинаси бор деб ўйлашган, шекилли.
Паспортингизни йўқотиб қўйдингиз ва сертификат билан ватанга қайтмоқчисиз. Давлат белгисида чиқарилган сертификат нархи оз эмас, кўп эмас, нақ 55 АҚШ доллари туради-я. 1 варақ қоғоз-а! Таққослаш учун, Қозоғистон бу сертификатни 7,5 АҚШ доллари, Тожикистон 10 доллар, Қирғизистон 10 доллар, Туркманистон 34 долларга баҳолаган. Кўриб турганингиздек, Марказий Осиёда ватанга қайтиш гувоҳномасининг энг қиммати ҳам Ўзбекистонда.
Жаноблар, ахир сиз махсус нашриётдан чиққан қоғозга қайдларни тилла суви билан ёзмаётгандирсиз, 55 доллар олсангиз?!
Сўнгсўз ўрнида айтишимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг хорижий консулликлари орқали расмий ҳужжатлар бериш нархларини арзонлаштириш томон қайта кўриб чиқиш зарур. Ўйлаймизки, ҳурматли депутатларимиз, сайловдан олдинроқ бу борада ташаббус кўрсатишади!
Ўзбекистон ҳукумати чет давлат ҳукумати ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қила олмаслиги аниқ. Лекин, ўз ваколатига кирувчи муаммони ҳал қила олади-ку?
Наҳотки, Ўзбекистондек давлатнинг консулликларини таъминлаш ватанида иш топа олмагани боис мусофирчиликни танлаган мигрантлар пулига қараб қолган бўлса?
Муаллиф: Толиб Рахматов