Мақола

649 09/11/2022

Камида 1 млн доллар инвестиция киритган хорижликларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олишга рухсат берилиши мумкин. Бундай имконият нафақат инвесторлар, балки таниқли олимлар, спортчилар, маданият ва санъат арбобларига ҳам тадбиқ этилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга қўшимчалар ишлаб чиқиб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Қонун лойиҳасига кўра, мамлакатдаги инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион доллар эквивалентида маблағ киритган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бундай имконият нафақат инвесторларга, балки бошқа мамлакатларнинг таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан ҳам тадбиқ этилади.

Бунда «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУК ёки Давлат хизматлари маркази чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга сармоя киритганлигини тасдиқловчи маълумотнома беради. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги аризага илова қилинади.

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:

  • мамлакат ҳудудида яшайдиган ва фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;
  • тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
  • Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
  • давлат тилини қонунчиликда белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

Қонун лойиҳаси президент Администрациясининг 2022 йил 10 мартдаги топшириғи ва ҳукуматнинг «Вужудга келаётган халқаро инқироз шароитида туризм тармоғи имкониятларидан фойдаланиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги «йўл харита»си»га асосан ишлаб чиқилди.

Ҳужжатда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги оширишга, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишга ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа муҳокамаси 23 ноябрга қадар давом этади. Бу ҳақда “Газета.уз” маълум қилди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация