Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти администрациясининг Ёшлар сиёсати департаменти раҳбари Қаҳрамон Қуранбоев Россия федерациясида бўлиб, у ерда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбек муҳожирлари билан суҳбатлашди, уларнинг шароитлари билан танишди.
Ташриф доирасида Қ.Қуранбоев 19 октябрь куни Россия Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашган. Мулоқотда ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантлари болалари учун хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очишга кўмаклашишни сўраган. Улардаги таълим Россия таълим дастури асосида ташкил этилиши айтган.
Шунингдек, ўзбек амалдори Россияга келаётган ўзбекистонлик ёшлари учун миграция тартибиги соддалаштириш масаласини қонунчилик даражасида кўриб чиқишни сўраган.
“Говорит Москва” радиостанциясига интервью берган Давлат думаси депутати Михаил Делягин бу ташаббусни “ноқонуний” деб таъкидлаган.
“Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Россия Конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак, одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш экани аниқ. Бу тожик диаспораси фақат тожикларга хизмат кўрсатадиган тожик тиббиёт марказларини очиш ҳақида сўраганда нимани назарда тутган бўлса, шу кабидир”, — деди у.
«Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини ватанига қайтариб олиб кетиш керак. Чунки, айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан биридан кўпроғи Россияда яшайди. Бу ҳолат Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам мутлақо нормал эмас», — деган депутат.
Шунингдек, бу ташаббусни “Россияни емириш ва йўқ қилиш учун аввал бегона, кейин душман анклавларни яратишга қаратилган онгли сиёсат” деб атади.
Бунга жавобан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров муносабат билдирар экан, “Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак.
Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?”, — деб ёзади Қодиров.