Мақола

1 168 08/05/2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан мулоқот қилди. Унда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш бўйича шу йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум якунлари ҳақида сўз борди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янгиланган Конституциямизда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, уни ишлаб чиқишда аҳоли фаол иштирок этганлиги ҳамда референдум орқали қабул қилинганлиги ушбу ҳужжатнинг чинакам халқ Конституцияси бўлганидан далолат эканлигини таъкидлади.

– Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Дунёда кундан-кунга янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётган вазиятда Конституцияда Ўзбекистон “суверен давлат” сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.

– Шундай мураккаб вазиятда, ҳар бир ишимизда, қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимизда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатлари энг устувор ўринда туриши шарт, – деди давлат раҳбари.

Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Янгиланган Конституция парламент фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатасининг ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайди.

– Шу билан бирга, депутатларимиз асосий эътиборни қонунлар сифатини оширишга қаратиши, уларнинг ижросини самарали ташкил этишда ҳукумат билан биргаликда қаттиқ ишлаши керак. Сенатнинг фаолияти эса ҳудудлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, маҳаллий кенгашларга ҳар томонлама кўмаклашиш, жойларда, айниқса, маҳаллаларда қонунларнинг ижросини таъминлашга йўналтирилиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари янгиланган Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш ҳақида бутун халқимизга мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2023 йил 9 июль кунига тайинланди.

Президентимиз томонидан бундай қарорга келиш ва қолган уч ярим йиллик ваколат муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечиш зарурати қуйидагича асослаб берилди:

биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда;

иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни қўймоқда;

учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда;

тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.

Бундай улкан вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Шу билан бирга муҳокамаларда муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш давлат ҳокимиятининг янгиланган Конституция талабларига мувофиқ замонавий ишлаши, халқ ҳокимиятчилиги принципининг тўлақонли амалга оширилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Конституциявий суд раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватладилар.

Муҳокама якунида кўзланган марралар қанчалик юксак ва мураккаб бўлмасин, уларга эришиш учун бизда барча имкониятлар борлиги, буюк аждодларимиз мероси, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати, интеллектуал ва маънавий салоҳияти, унинг тадбиркорлик фазилати бу йўлда бизга куч-қудрат манбаи бўлиши таъкидланди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация