2022 йилнинг 18 июлидан бошлаб Россиянинг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари қайта тикланди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур йўналишларда қатновлар Uzautotrans service корхонасининг Yutong русумли автобусларида амалга оширилади.
18 июлдан бошлаб, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари “Тошкент” автовокзалидан соат 12:00 да Тошкент–Москва йўналишида қатновлар амалга оширилади. Мазкур йўналишда чипта нархи –1 000 000 сўм.
Тошкент–Қозон йўналишида қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари бажарилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 11:00 да ҳаракатланишни бошлайди. Чипта нархи – 800 000 сўм.
Тошкент–Санкт-Петербург йўналишида қатновлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари бажарилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 16:00 да йўналиш бўйлаб ҳаракатланишни бошлайди. Чипта нархи – 1 250 000 сўм.
Аввалроқ, Россия ва Қирғизистон ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани ҳақида хабар бергандик.