Ўтиб бораётган ҳафтада Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Олий даражадаги учрашувлар самараси ўлароқ, икки давлат раҳбарлари икки давлат абадий дўстлиги тўғрисидаги Декларацияни имзолашди. Унга кўра,
• давлат ўртасида янги транзит йўлаклари ташкил этиш, замонавий логистика инфра тузилмаларини барпо этиш;
• авиа-, темир йўл ва автобус қатновларини кўпайтириш;
• ҳамкорликда агрокластерлар ва замонавий ишлар чиқариш корхоналари ташкил этиш;
• мева-сабзавот маҳсулотларини биргаликда қайта ишлаш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш;
• Тожикистон фуқаролари учун Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим грантлари сонини ошириш назарда тутилган.
Президент Мирзиёев қайд этганидек, икки томонлама муносабатларда улкан натижаларга эришишга муваффақ бўлинган.
Шу билан бирга, музокаралар якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида йўловчи поезд қатновини 20 июндан қайта тиклашга келишиб олинган. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан музокаралари якунлари бўйича брифингда маълум қилди. Шундай қилиб, Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.
«Ҳар куни 20 минггача одам савдо ва туризм, қариндош ва дўстлар билан учрашиш мақсадида чегарани кесиб ўтади», — деган Раҳмон.
Бундан ташқари, тез кунларда, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан Тожикистоннинг Истаравшан шаҳрига микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилади. Қатновлар Гулистонда рўйхатдан ўтган “Тимур Авто Транс Сервис” МЧЖ ва Тожикистоннинг “Довуд” МЧЖлар ўртасида шартномага мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра, “Янгиер” автостанциясидан Истаравшан марказига ҳаракатланадиган автобуслар жадвали тасдиқланган.
Йўл кира нархлари бир йўловчи учун:
⠀
— Ўзбекистондан жўнаб кетиш – 27 000 сўм
— Тожикистондан жўнаб кетиш – 27 сомонни ташкил этади.
Маълумот учун бугунги кунда Тошкент автовокзалидан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига ҳам автобус қатнови йўлга қўйилган.