Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги эълонларга алданиб қолмасликка ва огоҳ бўлишга чақиради.
Ижтимоий тармоқдаги баъзи ахборот каналларида Ўзбекистон ва Қирғизистондан фуқароларни юқори маош эвазига Россияга хусусий қўриқчилик корхонасига ишга таклиф этиш тўғрисидаги эълонлар тарқалмоқда. Лекин амалда фуқароларга мутлақо бошқа иш таклиф этилмоқда.
Мустақил журналистик суриштирувларда ушбу эълонлар орқали фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш асосий мақсад эканини маълум қилинмоқда.
Шу муносабат билан, юртдошларимиздан хорижда иш таклиф этилаётган норасмий эълонларга ишонмасликни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.