Мақола

1 103 20/10/2023

Бугун жаҳон чин маънода икки қутбга ажралган. Шафқатсиз урушда бир томон Фаластинни, иккинчи томон Исроилни ёқлайди. Ким учундир Исроил босқинчи, яна кимдир Фаластиндаги ҳаракатларни умумиятла террорчилик деб ҳисоблайди. Дунё харитасида топиш қийин бўлган митти ҳудуд ҳар қандай ахборот дастурининг асосий мавзусига айланган.

Замонавий дунёдаги ҳар қандай можаро жиддий ахборот кураши билан биргаликда кечади. Дунё ҳамжамиятига етказилган хабарлар орқали жангда ютқазиб туриб ҳам ғолиб бўлиш ёки ютиб туриб ҳам мағлуб бўлиш ҳеч гап эмас. Айниқса Фаластин-Исроил зиддиятида жаҳон оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий жазава қоплаб олади, рост ва ёлғон аралашиб кетади, медиа тарафлар ноғорасига ўйнай бошлайди ёки аксинча – ҳаммани ўз ноғорасига ўйнатади.

Ўзбекистон марказий телеканаллари ва расмий нашрларида эса ҳар доимгидек хотиржамлик. Бу зиддият ҳақидаги хабарлар жуда чекланган, таҳлил деярли йўқ, сиёсий шарҳ батамом тугатилган. Бу манзарада Ташқи ишлар вазирлигининг амалда аниқ манзилсиз баёноти ҳам анча дадил кўринади. Чунки унда қайсидир томон яққол танқид қилинмасада, шифохонада портлаши жиддий қораланган.

Хўш, дунёнинг турли бурчакларида бу уруш қандай ёритиляпти, одамлар уни қандай баҳолашяпти ва бу жараён ватандошларимиз нигоҳида қандай акс этяпти? Бу мавзуни ёритиш учун хорижда мунтазам яшаб келаётган ҳамюртларимизга қуйидаги умумий саволлар билан юзландик:

  1. Сиз яшаётган давлат медиасида Фаластин-Исроил зиддияти асосан қайси қутбдан туриб ёритилмоқда?
  2. Медиа тақдим этиши ва жамиятнинг аксари нуқтаи-назари ўртасидаги фарқ қай даражада? Аҳоли асосан қандай фикрда ва ОАВ оддий одамлар қарашларини акс эттиряптими?
  3. Ғазодаги шифохона бомбардимон қилиниши ортидан бу зиддиятга муносабат қанчалик ўзгарди?

Жавоблар кутилганидек хилма-хил ва жуда қизиқарли бўлди.

Ситора Алихонзода, Туркия

– Турк медиаси ва ижтимоий тармоқларининг Фаластин-Исроил тўқнашувига нисбатан кайфияти, муносабатини таҳлил қиларканман дадил фикрларни, кескин ва очиқ мулоҳазаларни кўраяпман. Энг муҳими – чуқур ҳамдардлик ва ичдан куйиниш бор.

Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлгани юзлаб инсонлар хотираси учун Туркияда уч кунлик мотам эълон қилди. Кеча пешин намозидан олдин мамлакатдаги барча жоме масжидларда Ғазо қурбонларига атаб Қуръон тиловат қилинди. Намоздан сўнг шаҳидлар учун ғойиб жаноза намози ўқилди.

Ижтимоий тармоқлар Фаластин қайғуси билан ёзилган постлар ва изоҳлар билан тўлиб тошди. Кўпчилик Исроил ишғолчиларига ҳомийлигини эълон қилган брендларга бирма-бир байкот эълон қилмоқда ва бу жараённинг бари ОАВда фаол ёритиб борилмоқда. Расмий ва норасмий шахслар ўз позицияларини билдиришдан қочгани йўқ ва аксариятининг ғояси ўхшаш бўлиб, бир миллатнинг дунё кўз ўнгида ваҳшийларча йўқ қилинишига қарши чора кўришга, уруш ва зулмни тўхтатишга чорлов бор.

Бўлаётган воқеаларга “доғру-дуруст” реакция билдирмаётган, аксинча бефарқ бўлганларни эса қоралаб, танқид остига олишмоқда. Албатта, улар орасида фаластинликлар учун куйинаётганларни “арабпараст” деб ўринсиз киноя қилаётганлар ёки умуман бетарафлигини билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ омманинг асосий қисми Исроил армиясининг ҳаракатларини ваҳшийлик, қирғин, босқинчилик, қатлиом деб ҳисоблашмоқда.

Исроил томонда бўлиб, унга ён босаётганларни деярли кўрмадим.

* * *

Бобур Мамадалиев, АҚШ

– АҚШнинг бу борадаги позицияси анъанавий ва ўзгармас. Бу мамлакат медиасида мазкур зиддият асосан Исроилни ёқлаб ёритилмоқда. Сиёсатчиларнинг аксарияти Ҳамасни айбдор дейишмоқда.

Мамлакатдаги мусулмонларнинг мутлақ ҳаммаси Фаластин томонда. Кўплаб насроний фуқаролар ҳам Исроил нотўғри қилаётгани ҳақида очиқ гапира бошлашди. Лекин ОАВ кўпроқ Исроилни ёқлаган фикрларга эътибор қаратяпти. Ҳатто шифохона бомбаланишидан кейин ҳам мазкур позиция деярли ўзгармади. Медиа яҳудий давлатини очиқ ёқлаган ҳолда бу ишни Исроил эмас, Ҳамас қилган деб маълумот бермоқда.

* * *

Бахтиёр Содиқов, Португалия

– Лиссабонда Фаластинни қўллаб-қувватлаб ўтказилган қатор намойишларга гувоҳ бўлдим ва бу жараён ОАВда ҳам ёритиб борилди. Умуман, бошқа демократик давлатлар сингари Португалияда ҳам медиа ўз фикрини эркин намоён қилади. Қарашларга келсак, 50/50 деб аташ мумкин. Яъни ҳар икки томон ҳам етарлича тарафдорларга эга.

Шифохона портлатилишини Ҳамаснинг ўзи уюштирган, деган мазмундаги хабарларни ҳам кўп кузатдим. Умуман, бу борадаги баҳслар Португалияда анча жиддий кечяпти.

* * *

Шоҳруҳ Муҳиддин, Жанубий Корея

– Жанубий Кореяда ОАВ асосан Исроил позициясини устувор ёритмоқда. Аҳолининг салмоқли қатлами ҳам соқоллиларни террорчилар деб ўйлайди. Ҳатто шифохона портлатилиши ҳам Америка ва Исроил талқинида тақдим этилди.

Ғофур Толмас, Жанубий Корея

– Ҳамюртимнинг бу давлатга оид сўзларига қўшилмайман. Ҳозирда Жанубий Кореяда кўпчилик Фаластинга ён босмоқда, лекин расмий ҳукумат АҚШ фикрига эргашади. Кўчада оддий корейслар билан суҳбатлашсангиз Фаластин аҳлига, айниқса болаларга ачинишади. Ҳатто Исроил элчихонаси олдида Фаластин байроғини кўтариб, норозилик митинги ҳам қилишди. Корейс телеканалларида Ҳамас гуруҳи ҳақида гап кетаркан, улар террорчилар деб аталади. Имкон қадар бу урушда Ҳамас билан Фаластинни ажратиб кўрсатишга ҳаракат қилингандек тасаввур ўйғонади.

* * *

Маъруф Норбўтаев, Ирландия

– Мен яшаб турган бу мамлакатда қизиқ вазият – аҳоли асосан Фаластин тарафда. Фаластин байроқларини кўтариб, кунора митинглар қилиб туришибди. Кўчаларда ва дўконларда Фаластин байроқлари савдоси кўпайган. ОАВ ҳам бу жараёнларни фаол ёритиб келяпти ва бирор чеклов йўқ.

* * *

Муҳаммад Санжар, Эрон

– Эронда ОАВ бутунлай Фаластинни қўллаб қувватлайди. Мамлакат аҳолиси ҳам тўлалилигича Фаластин томонида ва Исроилни қаттиқ қоралайди. Умуман олганда Исроилни энг қаттиқ қоралайдиган давлат ва жамият бу Эрон бўлса керак.

* * *

Муҳаммаджон Бўриев, Италия

– Бу мамлакат медиасини деярли кузатмайман. Лекин аксарият одамларнинг фикри аниқ – Исроилни қўллаб-қувватлаш одамийликдан эмас, деб ҳисоблашади. Норозилик намойишлари тинмаяпти ва уларда Исроилнинг ҳарбий жиноятлари, айниқса шифохонани портлатгани қатъий қораланяпти. Дини, миллатидан қатъий назар одамлар ўз фикрини эркин билдиряпти.

Зиёдбек Исмоилов, Италия

– ОАВ ҳар икки томонда бўлаётган воқеаларни етарлича ёритяпти. Лекин маҳаллий аҳоли ва мигрантларнинг аксарияти Фаластинни қўллаётгандек туйилади. Айниқса, ёшлар, талабалар фаол. Университет ҳудудида намойишлар, сўровномалар ўтказишяпти (бугун ҳам қўлимга сўровномада қатнашишимни сўраб, қоғоз тутқазиб кетишди). Кўчаларда ҳар ерга Фаластин байроғи, уни қўллаб-қувватлашга чақириқлар акс этган стикерларни ёпиштириб ташлашганини кўриш мумкин.

Ҳозирча Исроилни ёқлаб кўчага чиққанларни кўрмадим. Лекин бу Италияда уни кўллайдиганлар йўқ эканини англатмайди. Балки улар мавжуд, лекин унчалик фаол эмас деган бўлардим. Бугун метрода ёши тахминан 40 атрофидаги бир яҳудий ёнимга ўтирди. Твиттеридаги ёзувларни тушунмасам-да, фото/видеолардан Ғазодаги воқеаларни кузатиб кетаётганини тушундим. Шунингдек, бошқа жойларда бўлгани каби, бу ерда ҳам Украинадаги уруш кун тартибидан тушиб, асосий диққат Фаластинга қаратилган.

* * *

Иззатуллоҳ, Қирғизистон

– Қирғизистонда ОАВ иккала тарафда ҳам эмас, лекин барча позицияларни ёритиб бормоқда. Аммо ўзига хос қизиқ янгилик бор – Қирғизистон депутатлари бир кунлик иш хақини Фаластинга юбориш таклифини билдиришди.

Шуҳратбек Само, Қирғизистон

– Қўшилмайман, Қирғизистон аҳли асосан Фаластинга ён босмоқда. ҚР Жогорку Кенеши депутатлари Фаластинга ёрдам сифатида бир кунлик иш ҳақини ажратаётгани рост. Депутатлар оддий халқ Фаластинга қандай ёрдам бериш мумкинлигини сўрашаётгани боис, Ташқи ишлар министрлигидан Фаластинга ёрдам учун банкда ҳисоб очишни сўрашди.

* * *

Лазиз Мардонов, АҚШ

– Давлат раҳбарияти азалдан Исроилни ёқлаб келади ва бу позиция ҳануз ўзгармаган. Аҳоли жуда хилма-хил фикрлайди. Ҳатто АҚШдаги яҳудийларнинг ўзи ҳам ягона қарашга эга эмас, яъни уларнинг ҳаммаси ҳам Исроилни қўллаб-қувватламайди. Бу миллат вакиллари орасида ҳам “яҳудий миллатдошим бўлсангда, бошқаларни хўрлашингни ёқламайман” дея очиқ айтаётганлар жуда кўп. ОАВ эса турли баҳсларга тўлиб-тошган.

Мен бир қизиқ жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчи эдим: Россия-Украина урушида деярли ҳамма Россияни қоралаган бўлса, Исроил-Фаластин зиддиятига баҳолар турлича. Аммо шифохонада бомбардимон қилиниши ортидан Фаластинга ачинувчилар кўпайиб кетди ва улар ҳатто намойишкорона тарзда Конгрессгача бостириб киришди. Айни шу портлашни ҳукумат ва аксарият ОАВ Ҳамаснинг ўзи уюштирган, деган фикрни илгари сурмоқда.

Муаллифдан: Кўриниб турибдики, мазкур зиддият бутун дунёда баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган. Ана шундай пайтда Ўзбекистонда ҳам мазкур масала бўйича жиддий таҳлилий маълумотлар, вазиятга оид атрофлича шарҳларга эҳтиёж катталиги маълум бўлади.

Аброр Зоҳидов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация