Мақола

206 26/06/2024

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Қонун лойиҳасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда.

Мажлисда бир қанча депутатлар ва таклиф этилган мутахассислар қонун лойиҳаси бўйича ўз қарашларини баён қилишди.

ИИВ ўринсбосари Рамазон Ашрапов ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз болаларини умумий ўрта, ёки профессионал таълимни тамомласамасдан ҳужраларга ёки таълим бериш лицензиясига эга бўлмаган шахсларга бериш ҳолатлари кун сайин кўпаяётганини айтди.

«Миллий Тикланиш» партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировнинг фикрича, ҳозир ёш болага диний тарбия берувчи мутахассисларнинг йўқлиги долзарб масала. А. Қодиров қонун лойиҳасига динни ўрганиш тақиқланаётганидек қарамаслик, бу лойиҳа динни нотўғри ўргатаётганларга қарши эканини айтди. У, динни ўргатиш давлат қарамоғига олиниши ва мактабларда диний тарбия бўйича дарслар қўйилиши ҳақида гапирди. Диний идора томонидан чиқарилган, маъқулланган адабиётларни ёш болалар ўқиши, Қуръон ўқишига ҳеч монелик йўқлигини таъкидлаб ўтди. Мактаб тарбия дарслигида барча диний концептуал нуқталар қамраб олинган. Боланинг профессионал диний таълим билан шуғулланиши 18 ёшдан кейин мумкин, лекин 18 ёшгача даврдаги бу эҳтиёжини мактабдаги “Динлар тарихи” каби дарсликлардан олиши, диний идоранинг видеоролик шаклидаги дарсларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги А. Қодировнинг чиқишида айтиб ўтилди.

Депутат Дониёр Ғаниев: “Амалдаги қонун бўйича болага профессионал диний таълим бериш мумкин эмас. Ота-оналар томонидан уйда нопрофессионал тарзда ўргатилишига тақиқ йўқ. Лекин таклиф этилаётган қонун лойиҳаси, афсуски, мана шу тешикни ҳам беркитиб қўйяпти. Сизлар қонунга хилоф равишда диний таълимга жалб қилиш деяпсизлар. Ҳеч қаерда қонунга хилоф равишда ташкил этилган муассаса ёки ташкилотга дейилмаяпти. Яъни бу бераётган нормаларинг билан уйдаги ота-она фарзандига диний таълим берса ҳам жавобгарликка тортиладиган нормага айланяпти.

… Қонунга хилоф равишда дегандан кейин қонунийси борми деган савол келиб чиқяпти. Шунинг учун ноқонуний фаолият юритаётган диний муассасага жалб қилиш дейилса, тўғрироқ бўлади. Иккинчи масала, ўзларинг статистика беряпсизлар, ҳужрада ўқиётганлар сонининг ошиб бораётгани ҳақида. Биз кўпинча қонунларнинг оқибати билан курашишга ўрганиб оляпмиз. Хўп, мана шунча ҳужралар аниқланаётган экан, мана шунча ноқонуний таълим бериляпти экан, буниям сабаи ўрганиб, таҳлили бериляптими? Шунча бола ўқитиляпти экан, демак диний эҳтиёж бор экан. Сабабини таъминлашнинг ўрнига оқибат билан курашаверсак,  бунинг тагига ета олишга ишончларинг комилми?”

Сўз олган депутат Умида Раҳмонова:

“Бугунги кунда қонунга катта эҳтиёж бор. Диний таълим масаласи 18 ёшдан кейин профессионал таълим беришга давлатимизда рухсат борлиги ва ота-оналар уйларида фарзандларига ўзлари ўргатишлари бўйича қонунда ҳеч қанақа тақиқ йўқ”, деб фикрларини билдирди.

Депутат Ўктам Исломов: “Концептуал жиҳатдан қаралганда қонунга эҳтиёж борми, деган савол очиқ қоляпти, эҳтиёж йўқлиги таъкидланяпти. Сабаби, айнан шу моддага ўзгариш қабул қилганмиз. Яъни, МЖК 47-моддасига 6-банд сифатида киритиб, ота-оналарнинг фарзандларини чет элда қаровсиз қолдириши учун 10 дан 50 гача БҲМ жарима белгиланган. Ҳозир таклиф қилинаётган лойиҳада 10 дан 15 гача, яъни қонун қабул қилинмасдан унинг нормасини кучсизлантирувчи бўлиб таклиф қилиняпти. Иккинчидан қонунга хилоф равишда деган модда киритиляпти. Қонунга мос келадиган модданинг ўзи йўқку! Диний таълимни давлат назоратида йўлга қўйилса, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар” тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасидаги чекловлар олиб ташланадиган бўлса, кейин ҳуқуқий майдон пайдо бўлади. Ўшанда биз ноқонунийга жарима қилсак бўлади. Бу моддани кечиктириб, орқага қолдиришни тавсия қиламан”.

Мунозара сўнгида сўз олган депутат Дилбар Усмонова кейинги мажлисларга диний идора вакилларини таклиф қилиш кераклигини айтди.

Муҳокама охирида мазкур қонун лойиҳаси кўпчилик депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация