Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 10 июндан бошлаб Ўзбекистонга авиақатновлар, чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктлари орқали келаётган барча фуқаролар учун коронавирус билан боғлиқ чекловлар бекор қилинади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги Республика махсус комиссияси қарорига асосланиб хабар берди.
Комиссия қарори билан фуқаролардан Ўзбекистонга келишидан олдин манфий ПЗР-тест, экспресс тест топшириш ва эмланганлик ҳужжатига эга бўлиши бўйича талаблар бекор қилинди.
Таъкидланишича, комиссия Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши ва касалланиши динамикасининг пасайиши, шунингдек дунё мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятни эътиборга олиб, ЖССТнинг тавсиялари ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келди.