Ўзбекистон Президенти 12 сентябрь куни хориждаги фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, ҳимоя қилиш, улар билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш билан шуғулланувчи идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этди.
Ушбу ишчи гуруҳи Ташқи ишлар ваколатига кирмайдиган Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳномани расмийлаштириш, эски намунадаги ёки муддати ўтган паспортларни алмаштириш, фуқароликдан чиқиш, фуқароликни олиш ва бошқа масалаларни ўз вақтида самарали ҳал этиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Маълумки, 5 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ватандошлар билан жонли мулоқот уюштирган эди. Мулоқот вақтида кўплаб фуқаролардан фуқаролик, йўқолган ҳужжатларни тиклаш, яқин ва қариндошларни қидириш, мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолганларга ёрдам кўрсатиш каби масалаларда мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, фуқароларга турли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Улардан бири фуқароларни энг кўп қийнаётган масалалардан бири — хорижга чиқиш учун стикер (овир) Президентнинг 16 августдаги фармони билан бекор қилинди. Фармонга кўра Ўзбекистон фуқаролари 2019 йил 1 январдан бошлаб овирсиз чет давлатларига чиқа олади. Бироқ бунинг учун хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш талаб этилади.