Мақола

1 245 20/01/2023

Centrum Air ишга туширилгач, ҳар бири 180 йўловчи сиғимига эга бешта Boeing 737 ва A320 самолётларида хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда.

18 январь куни Тошкент халқаро аэропортида лоукостер форматида фаолият юритадиган янги Centrum Air авиакомпанияси тақдимоти бўлиб ўтди, деб ёзади Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Aerospace Lad маълумотларига кўра, Centrum Air авиакомпанияси My Freighter хусусий юк ташувчи компанияси томонидан ташкил этилган. 

Компания Ўзбекистон ҳудудида ҳам, хорижга ҳам ҳаво ташувларини амалга оширади. Маҳаллий авиаташувлар учун авиачипталар нархи 20 доллардан (225 700 сўмдан), халқаро йўналишлар учун эса 40 доллардан (451 400 сўмдан) бошланади.

Centrum Air ишга туширилгач, ҳар бири 180 йўловчи сиғимига эга бешта Boeing 737 ва A320 самолётларида хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасида авиация бозорини либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари туфайли Ўзбекистонда ички ва халқаро туризм жадал ривожланмоқда. Биз авиакомпаниямиз Ўзбекистон ва дунёни тез ва арзон нархларда боғлаб, ички туризм индустрияси ва халқаро ҳаво қатновини ривожлантиришга ҳисса қўшишни режалаштирганмиз”, – деди Centrum Air бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов.

Авиакомпания Ўзбекистон, Марказий Осиё, МДҲ ва халқаро йўналишлар бўйлаб парвозлар географиясини ишлаб чиқади. Ички туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатиш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш учун Centrum Air Тошкентдан мамлакатимизнинг бешта шаҳри: Нукус, Урганч, Термиз, Наманган ва Фарғонага қўшимча рейсларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Шунингдек авиаташувчи 15 та хорижий давлатларга, жумладан Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа малакатларга парвозларни амалга оширади.

Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларига ҳаж зиёратига боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун авиакомпания авиачипталар учун қўшимча имтиёзлар беради. Centrum Air 2023 йилда компаниянинг умумий йўловчи ташиш ҳажми 1,5 миллион нафардан ошиши кутилмоқда.

Авиакомпания ўз фаолиятида замонавий бошқарув усулларидан фойдаланиб, хизмат кўрсатиш даражасини оширади. Бунинг учун корхонада 250 нафар маҳаллий ва 400 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар меҳнат қилмоқда. Centrum Air Ўзбекистонни авиация саноати мутахассислари марказига айлантиришни мақсад қилган.

Авиакомпанияда компаниянинг хорижлик ходимлари ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув маркази ташкил этилган. Вақт ўтиши билан билим ва тажриба тўплаган мутахассислар жамоанинг асосий қисмини ташкил этиши билан бирга Ўзбекистонда авиация саноатини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Манбаа: “Газета.уз”.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация