Мақола

958 23/01/2023

Якунланган 2022 йил натижалари бўйича Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги мингга яқин корхона ишлай бошлади.

2022 йилда Ўзбекистонда янги очилган корхоналар сони бўйича Россия етакчига айланди. Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, якунланган йилнинг 11 ойи давомида Россия капитали иштирокида 842 та янги корхона очилган.

Хорижий капитал иштирокида фаолият юритаётган корхоналарнинг умумий сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 389 тага ошиб, 15 497 тага етди.

2022 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бўйича Россиядан кейинги ўринларда Туркия (331), Хитой (245) ва Қозоғистон (174) эгаллади.

Чет эл капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони, мамлакат бўйича:

  • Россия – 3055;
  • Туркия – 2171;
  • Хитой – 2115;
  • Қозоғистон – 1235;
  • Корея – 919.

Россия Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республикадаги капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг 20%дан ортиғи Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами инвестициялар ҳажми 190 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг 72 триллион сўми хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Хорижий инвестициялар ҳажми бўйича Россия етакчилик қилмоқда – бу умумий ҳажмнинг 21 фоизини ташкил қилади.

Иккинчи ўринда – Хитой – 19,9 фоиз, учинчи ўринда Туркия – 10,4 фоиз.

Россия анъанавий равишда Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик сармоядорлардан бири ҳисобланади. Ҳамкорликнинг барча даврида Россиядан республикага киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Кўп йиллар давомида Россиянинг “ЛУКОЙЛ”, “Газпром”, “Татнефть”, “Зарубежнефть”, “КАМАЗ”, “Билайн” ва бошқа компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.

2021 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7,5 миллиард долларга ошган бўлса,  қўшма корхоналар сони 2565 тага етганди, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация