Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади.
2023 йилда янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналарига одатдаги туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ўрнига QR-кодли маълумотномалар берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янгилик Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2022 йилдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 540-сон қарори билан тартибга солинади.
Ҳужжатга кўра туғилганлик ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан QR-код тасвири туширилган маълумотнома берилади.
“Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади.
Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан маълумотномани қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади”, – дейилади Адлия вазирлиги маълумотида.
Туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби 2023 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса бутун республика ҳудудида жорий этилади.
2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 июлгача қадар никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.
Тажриба муваффақиятли ўтса, республика бўйича жорий этилади. Бу ҳақда “Фарғона” АА хабар берди.