Мақола

1 687 30/05/2023

2022 йилнинг февралида бошланган Россия ва Украина уруши, можаро фонида санкцияларга дучор бўлган рус ва белорус фуқароларининг хорижга (жумладан Марказий Осиёга) кўчиб келиши, тилимизда “релокант” иборасининг бот-бот такрорланишига олиб келди.  Уларнинг келиши минтақадаги мавжуд вазиятга анчагина таъсир қилди, нарх-навонинг ўсишига, туризм инфратузилмасининг бир қадар зўриқишига сабаб бўлди.

Релокант ким ўзи? Нега муҳожир эмас?

Россия ва Беларусдан келганларга релокант иборасининг ишлатилиши бироз баҳсли.

Чунки релокант ибораси кўпроқ маълум шароитларга кўра, ўз иш жойини бошқа ҳудуд ёки давлатга кўчирган хизматчига нисбатан ишлатилади.

Шунингдек, ўз бизнесини кўчирганларга нисбатан ҳам бу атама мос келади. Муҳожир эса, ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ёки сиёсий муаммолар туфайли бошқа давлатга бутунлай ёки вақтинча кўчганларга нисбатан айтилади.

Россиядан чиқиб кетган фуқаролар тўлқинини икки гуруҳга бўлиш мумкин: биринчиси уруш бошлангач, иккинчиси эса 2022 йил сентябрида Кремл раҳбарияти томонидан қисман сафарбарлик эълон қилинганда.

Маълумотларга кўра, Украина уруши бошлангандан сўнг, уч ой вақт ичида Россиядан Ўзбекистонга қарийб 50 минг киши кўчиб ўтган. Шунингдек, 2022 йил  октябрида Статистика агентлиги эълон қилган рақамда Россиядан Ўзбекистонга 395,1 минг нафар турист келгани айтилади.

Русларни Ўзбекистонга кўчиб келишининг асосий сифатларини таҳлилчилар қуйида келтирадилар: визасиз режим, арзон нархлар, рус тилининг кенг тарқалгани. Шунингдек, сиёсий нейтраллик ва толерантлик ҳам  муҳим омиллар саналади.

Foreign Policy журналида эълон қилинган мақолага кўра, биринчи босқичдагилар релокант тушунчасига қисман мос келади: уларда бошқа давлатларда бизнес ёки бошқа фаолият олиб бориш учун имконият бор бўлган.  Аммо қисман сафарбарликдан қочган юз минглаб, аксарияти малакаси бўлган россиялик ёшларга кўпроқ муҳожир (том маънода қочқин) ибораси кўпроқ мос келади. Чунки улар ишлаш, бизнес қилиш учун эмас, шунчаки урушга бормаслик (жонни асраб қолиш) мақсадида ўзга давлатларга йўл олдилар.

Оқибат

Шимолдан келган “релокант”ларнинг Ўзбекистон, хусусан Тошкент ижтимоий ҳаётига кўрсатган илк ва энг оғир таъсирларидан бири — кўчмас мулк ижараси билан боғлиқ ҳолат бўлди. 2022 йилнинг августида ўртача 200-250 долларга баҳоланган квартиралар сентябр охирига келиб 500-600 АҚШ долларигача кўтарилиб кетди.

Telegram мессенжеридаги “Релокейшн Узбекистан” канали ўтказган сўровномаларга кўра, Россиядан келганларнинг ярмидан кўпроғи пойтахт Тошкент шаҳрига жойлашган. Шунингдек, “Сиз ижарага бир ойда қанча маблағ сарфлаяпсиз?” деган саволга энг кўп фоиз “650-700 доллар” деган жавобга берилган. (солиштириш учун — 2022 йил якунида Статистика қўмитаси Ўзбекистондаги ўртача ойлик маошини 3,89 млн сўм (350 доллар миқёсида), Тошкент шаҳридаги ўртача иш  ҳақини эса  6 млн 314 минг (550 доллар миқёсида) миқдорида баҳолаган.

Кимлар келди? “Уларнинг кўпчилиги малакали” деган гап ростми?

Юқоридаги таъкидлаганимиздек, россияликлар (қисман белоруслар)нинг икки тўлқинида фарқлар мавжуд. Тошкентдаги IT Park директорининг собиқ ўринбосари Баҳодир Аюповга кўра, 2022 йил бошидан буён мамлакатга 6 минг ошиқ дастурчилар келган. Релокация жараёнида 68 дан ошиқ хорижий компания IT-Parkнинг резидентига айланган.

Шунингдек, Kursiv.media томонидан 2023 йил бошида эълон қилинган мақолада ҳам  кўчиб келувчиларнинг малакаси ва маълумоти ҳақида яхши маълумотлар бор.

Жумладан, HeadHunter маълумотига кўра, 2022 йил августидан октябр ойи охиригача ушбу сайтда Россия фуқароларига тегишли резюмелар сони 3615 тани ташкил этган. Кейинги ойларда бу кўрсаткич қарийб уч баробарга ошиб кетган: 2022 йил ноябридан 2023 йил январ ойи охиригача 9638 нафар россиялик сайтга иш қидириб, ўз маълумотларини жойлаган.

ANCOR компанияси менежери Оксана Ткаченконинг айтишича, энг кўп резюмелар дастурчилар, мижозлар ва сотув билан ишловчи менежерлардан тушган. “Релокейшн Узбекистан” гуруҳида ўтказилган сўровномага кўра (1664 фойдаланувчи овоз берган) кўчиб келганлар ичида энг катта гуруҳни IT-мутахассислар ташкил қилади (26 фоиз). Иккинчи ўриндан маркетинг мутахассислари (5)  ва иқтисодчилар (5 фоиз) жой олган.

Релокантлар энг кўп жойлашишни истаган иш ўринлари бу — дастурчилик ва савдо менежери, мижозлар билан ишловчи менежер, таҳлилчи каби жойлардир.

Биз билан суҳбатлашган, лекин исми сир қолишни истаган Россия фуқаросининг сўзларига кўра, Тошкент шаҳридаги нарх-навони арзон деб бўлмайди. Шунингдек, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистоннинг энг катта афзаллиги аҳоли рус тилини тушунади ва мулоқот қила олади. “Россия ва дунёдаги вазиятни кузатиб бормоқдаман, қайтиш ниятим албатта, бор” дейди у.

Иш қидирувчиларнинг аксарияти (78 фоизи) эркаклар, улар орасида олий маълумотлилар кўпчиликни ташкил қилади, 20 фоизи магистр, бир фоизи эса фан номзоди даражасига эга.

Шунингдек, релокантларнинг кўпчилиги (31 фоизи) Ўзбекистонда Россиядагидек катта маош умид қилишган ( 100-300 минг рубл, қарийб 14 млн сўмдан бошланади), 12 фоизи 80-100 минг рублга рози бўлишларини билдиришган.  Саккиз фоиз иш изловчилар эса меҳнат бозоридаги бироз реал маошларни исташларини айтишган (30 минг рублгача, қарийб 4,5-5 миллион сўм).

“Полшага кетиш имконияти бўлиб туриб, Ўзбекистонни танладим…”

Релокантлар ичида ривожланган Европа давлатларидан кўра, Ўзбекистонни афзал кўрганлар ҳам бор. Улардан бири Беларус фуқароси Максим Белов.

У python дастурчиси ва  Минскдаги EPAM халқаро компаниясида ишлаб келган.

“Кетиш учун менга бир неча вариантлар бор эди. Арманистонда икки йил аввал қуролли можаро бўлганди, Грузияда шундоғам одам кўп, Россияга чегара бўлгани учун. Қозоғистонда эса ҳали январ воқеалари совиб улгурмаганди. Полшага ишчи виза олиб кетиш имконияти бор эди, лекин у ерда бошқа тил, маданият, менталитет. Шунинг учун мен Ўзбекистонни танладим”, дейди у.

Шунингдек, айрим релокантлар Тошкентга келгандан сўнг, айрим “фобия”лари нотўғри чиққанини билдирган.

Россиядан келган Павелнинг фикрича, у Ўзбекистонда майда маиший муаммолар: электр, иссиқ сув, банклар масаласида муаммога учрайман дея ўйлаган.

“Меҳнат бозоридаги вазият ҳам мен учун кутилмаган бўлди. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда иш ҳақлари анчагина ўсганини гувоҳи бўлдим”, дейди Павел.

Анна — Санкт-Петербург шаҳридан, врач. Қисман сафарбарлик бошлангач, турмуш ўртоғи билан Таиландга кетмоқчи бўлган, аммо охир-оқибат Ўзбекистонни танлаган.

“Биз Ўзбекистонга келиб энг арзон хостеллардан бирига жойлашдик. Ҳатто нонушта пулини тўлашга имконимиз йўқ эди. Маҳаллий кишилар бизга текин нонушта ҳам қилиб бердилар. Ҳатто кўп иссиқ кийимлар олиб келишга улгурмагандик. Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими жонимизга ора кирди. Илиқ ва дўстона муносабатдан ҳайратда қолдик” —, дейди у. Шунингдек, Анна кўпчилик релокантлар  тушунарсиз ва номаълум кайфиятда юрганини, келажакни режалаштирмаганларини таъкидлаб ўтган.

“Буёғига нима қилишни билмайман” — кўпчилик келганларда шу кайфият ҳукмрон, дейди у.

Хулоса

Релокантлар оқими бироз вақт Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатга таъсир кўрсатгани билан 2023 йилнинг дастлабки ойларида вазият бирмунча юмшади: энг аввал кўчмас мулк бозорида нархлар бироз тушди ёки барқарорлашди.

Уй-жой савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорларга кўра, сўнгги ойларда Тошкентда квартиралар арзонлаша бошлади.

Релокантлар оқими бироз вақт Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатга таъсир кўрсатгани билан 2023 йилнинг дастлабки ойларида вазият бирмунча юмшади: энг аввал кўчмас мулк бозорида нархлар бироз тушди ёки барқарорлашди.

Уй-жой савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорларга кўра, сўнгги ойларда Тошкентда квартиралар арзонлаша бошлади.

Бунинг энг асосий сабабларидан бири релокантларнинг Россияга қайтиб кетиши ёки бошқа давлатларга кўчиши билан боғлиқдир.

Шунингдек, журналист Аброр Зоҳидовга кўра, релокантларнинг катта қисми Ўзбекистонда ўзи кутгандек иш  ва шароит топа олмаган.

Ўзбекистон улар учун бошқа ривожланган Осиё (масалан араб мамлакатлари)га кетиш учун кўприк вазифасини бажариб берди. Яъни кўпчилик релокантлар юртимизга шунчаки тил, виза ва ҳудуд яқинлиги омиллари ҳисобига кириб келишди.

Шундай бўлсада, ҳануз Тошкент хорижликлар учун Марказий Осиёнинг энг қиммат шаҳарларидан бири бўлиб қолмоқда. Mercer компанияси тақдим этган маълумотга кўра, Тошкентда қимматлик бўйича фақат Олмаота ортда қолдира олган. Душанбе, Бишкек каби пойтахтлар Ўзбекистон пойтахтидан анча арзон дея баҳоланган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация