Мақола

782 18/07/2022

2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга тенг бўлди. Бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўп. Июнь ойидаги ўсиш 3 баробардан ортиқни ташкил этди, деб хабар беради  «Кун.уз»

Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга жисмоний шахслар номига келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари 6,5 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

6,5 млрд доллар – ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткич (3,2)дан 96 фоизга кўпроқ.

Маълум қилинишича, жорий йил январь-июнь ойларида тижорат банклари жисмоний шахслардан жами 5,66 млрд доллар эквивалентида хорижий валюта сотиб олган. Бу – ўтган йилнинг мос даври (2,33 млрд) билан таққослаганда 70 фоизга кўп.

Тижорат банклари орқали жисмоний шахсларга сотилган хорижий валюта миқдори эса 3,72 млрд долларга тенг бўлди, бу – бир йил олдингидан (1,71 млрд) 85 фоизга кўп.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бундай кескин ўсишни “ғирт спекулятив диверсия” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган нақд валюта ва нақд сўм етишмовчилигининг сабаби шу ерда.

«Динамика ва суръатлардан ҳам билса бўладики, бу кўрсаткичлар меҳнат мигрантлари ва умуман ташқи трансфертлар характеристикаси билан боғлиқ эмас. Статистикамиз эртага бу кўрсаткичларни жами даромадларда ҳисобга қўшса, хатолик бўлади. Ўзбекистонлик мигрантлар сони 3 баробарга ошгани йўқ, ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари йил давомида 3 бараварга кўпайиб қолгани йўқ.», дейди иқтисодчи.

Унинг ҳисоблашича, июнь ойида 2,34 млрд долларлик пул ўтказмалари қайд этилган, бу эса ўтган йилнинг июнига нисбатан 3,25 баробарга кўп.

Эслатиб ўтамиз, Россияда рубль курсини қўллаш учун банклардан валюта харид қилишга жиддий чекловлар ўрнатилган. Бу чекловлар натижасида Россия резидентларида валютани Марказий Осиё давлатларидан сотиб олишга рағбат ортган.

Марказий Осиёнинг айрим республикалари Марказий банклари томонидан қўлланилган жавоб чоралари сабабли мазкур мамлакатларнинг Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳам Ўзбекистон банкларининг хизматларидан фойдаланиши ҳолатлари ортмоқда.

 

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация