Мақола

1 073 04/11/2023

Челябинскда Ўзбекистон фуқароси саккиз ойдан бери депортация қилинишини кутмоқда. У регистрация қоидаларини бузгани учун мигрантларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.

У билан бирга беш ёшли қизи ҳам бор, унинг бир ярим ёшли боласи Ўзбекистонда қолган.

Одинахон Рустамованинг иддао қилишича, суд уни депортация қилиш тўғрисидаги қароридан кейин ҳам ўзи ва қизи ватанига қайтарилмаяпти.

“Суд қарори аллақачон чиққан. Ҳужжатга кўра, биз Россияни 15 кун ичида тарк этишимиз керак, бироқ улар ҳали ҳам бошқа қарорга эҳтиёж борлигини айтишмоқда. Суд 13 октябрь куни бўлиб ўтди ва деярли вақт қолмади. Мана мен билан 5 ёшли қизим, Ўзбекистонда эса мени бир ярим ёшли қизим кутмоқда. Эрим йўқ, ёрдам беринглар”, — дейди аёл ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода.

Унинг айтишича, Ўзбекистон элчихонаси унинг вазиятига ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

“Элчихона ҳам, консул ҳам менга эътибор бермаяпти. Илтимос ўзбекистонликлар уйимга қайтишимга ёрдам беринг. Мени уйда яна бир қизим кутмоқда. Бу ерда ҳеч қандай шароит йўқ, совуқ, аллақачон биринчи қор ҳам ёғди”, – дейди муҳожир аёл.

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги ходими Зебинисо Хушвақтованинг айтишича, улар ҳақиқатан ҳам бу аёл ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

“Агар фуқаро муҳожирларни вақтинча сақлаш марказига тушган бўлса, бу унинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлигини англатади. Бундай ҳолатда, афсуски, биз Россия Федерациясининг ишларига аралаша олмаймиз ва ҳеч қандай ёрдам ҳам бера олмаймиз. Аммо агар бу фуқаронинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар бўлса, агар улар йўқ ёки амал қилиш муддати тугаган бўлса, биз унга вақтинчалик гувоҳнома беришимиз мумкин. Агар ЦВСМ ходимлари бизга мурожаат қилса, биз уни берамиз ва уларнинг ўзи ҳужжатни олиб кетади, кейин фуқаро Ўзбекистонга кетиши мумкин”, дейди консуллик ходими.

Шунингдек, консуллик Ўзбекистон фуқаросини мигрантларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан депортация қилишнинг кечикиши сабабини аниқлашга ваъда берган.

Айтганча, яқинда ушбу марказда депортация қилинишини кутаётган эркаклар муассаса раҳбарияти уларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ва мажбуран урушга жўнатишга уринганини айтишган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация