Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўн олти нафар фуқаролари Каспийда браконьерлик учун қўлга олинди, дея хабар бермоқда “Казинформ” агентлиги Қозоғистон миллий ҳавфсизлик хизмати чегара хизмати (ҚМХХ ЧХ) маълумотига таянган ҳолда.
Агентликнинг билдиришича, ўтган дам олиш кунларида “Батыс” ҳудудий бошқармаси денгиз чегарачилари ва ҳарбийлари томонидан Каспий денгизи ҳавзасини қўриқлаш ва браконьерлик фаолиятига қарши ўтказган тезкор-профилактик тадбир давомида бир неча қонунбузарликлар қайд этилган.
“Браконьерлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун қўлга олинганларнинг 9 нафари қозоғистонлик, 5 нафари ўзбекистонлик ва 2 нафари россиялик қонунбузарлардир”, – маълумот берган ҚМХХ ЧХ матбуот хизмати ўз хабарида.
Тадбир чоғида қонунбузарлардан 3 та сузиш воситаси ва 1 та қайиқ, 185 та турли зотли балиқлар ва 14 та дарё қисқичбақаси, 6000 метрдан зиёд тўр, 210 та қармоқ, 4 та двигатель сингари ашёвий далиллар олинган.
Айни пайтда тезкор-профилактика тадбирлари давом этмоқда.