Бу йил ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Жанубий Корея республикасига мавсумий ишларга юборилади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Ирматов Migrant.mobi журналисти саволига жавоб берар экан, шу ҳақда маълум қилди. Фақатгина 2021 йилдагидек, меҳнат мигрантлари қочиб кетишининг олдини олиш мақсадида кўпроқ ўтган йили бориб келган фуқароларга устунлик берилади.
Россияда меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатувчи яна 10 та марказ очилиши маълум қилинди. Мурожаатларни умумлаштирувчи Call-марказ очиладими?
“Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонасининг телефон рақами битта. Аммо, www.migration.uz сайтига кирилса, Москвадагидан ташқари бошқа шаҳарлардаги ваколатхоналарнинг ҳам телефон рақамлари берилган.
Мабодо, Россиядаги ўзбекистонликлар ўз ҳудудидаги ваколатхонага қўнғироқ қилиб туша олмаса, бошқа вакилга қўнғироқ қилиб мурожаат қилиши мумкин. Чунки, ваколатхоналарнинг ўзаро маълумот алмашинуви бор.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда консулликларда Call-марказлар ташкил этиш ҳамда ўзаро маълумотлар алмашиш бўйича ишлар такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек, Москвадаги элчихонада Call-марказ ишлаб турибди. Фуқаролар туша олмаётган бўлса, балки битталиги ёки айрим вақтларда бандлиги учун бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тез орада телефон рақамларини кўпайтириб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграм каналида эълон қиламиз”, – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров.
Меҳнат мигрантларини 29 та давлатга жўнатиш бўйича ишлар олиб борилаётгани айтилди. Даъвогарларни танлашда коррупцияга йўл қўймаслик учун нималар қилиняпти?
“Бу борада шаффофлик бўлиши керак. Ишчиларни танлашда агентлик ходимлари иштироки нол даражага туширилди. Яъни, танловда иш берувчининг бевосита ўзи ёки унинг вакили иштироки таъминланди. Агентлик фақатгина танловларни ташкил этиш ва зарурий анжомларни етказиб бериш ишлари билан шуғулланиш орқали коррупциянинг олдини олинди”, – дея таъкидлади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори в.б. Афзал Ирматов.
Ўтган йили Кореяга мавсумий ишчилар юборилган эди. Кейинчалик, улар билан муаммолар бўлди, яъни ўзбек меҳнат мигрантлари Кореяда иш жойини ташлаб кетган ҳоллар кузатилди. Бу йил қандай бўлади?
“Ўтган йили Корея республикасига мавсумий ишларга Е-8 визаси бўйича ишчилар юборилган эди. Бу йил ҳам юбориш назарда тутилган ва музокаралар олиб бориляпти.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишга юбориш май-июн ойларида амалга оширилишини инобатга оладиган бўлсак, бу йил ҳам юборамиз.
Уларнинг қочиб кетмаслиги учун ҳам чоралар кўрилмоқда, яъни кафиллар билан ишлар кучайтириляпти. Қолаверса, биринчи навбатда, ўтган йили бориб, намунавий ишлаб, қонун бузмасдан қайтганларни юборишга кўпроқ эътибор қаратаяпмиз”, – деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Ирматов.