Мақола

828 06/06/2022

Тошкентда “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳаж квотаси маълум қилинди.

Саудия Арабистони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. 2019 йилда бу кўрсаткич 7200 нафарни ташкил этганди. Бу юртимиз зиёратчилари учун катта хушхабар бўлди.

Брифингда ҳаж сафари нархи маълум қилинди.  Берилган маълумотларга кўра ҳаж сафарини ташкил этиш жараёнларига, муборак сафар нархига яқинлашаётган мавсумда қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинди. Шунингдек ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларининг хизматларига  ҳам 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилганлиги маълум қилинди. Қайд этилган ўзгаришлар натижасида дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Шулардан келиб чиқиб Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан “Ҳаж-2022” мавсуми учун нарх 1 нафар фуқарога 62 900 000 сўм этиб белгиланди.

Ҳаж сафари шу йил 18 июндан бошланади. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун  “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг сўнгги русумдаги замонавий ҳаво лайнерида хизмат кўрсатилади. Муборак сафарга жўнаш учун авиақатновлар шу йил 30 июнга қадар давом этади.

Яқинлашаётган ҳаж сафари учун белгиланган ёш чеграсига оид кўп мурожаатлар бўлмоқда. Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун қуйидагилар баён қилинди. Маълумки, Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги пандемия ҳамон давом этаётганлиги туфайли “Ҳаж -2022”   зиёратида иштирок этиш учун ёш чегарасини 65 ёшгача этиб қатъий белгилади. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30  июнь кунигача туғилган инсонлар киради.

Таъкидлаш жоизки, ёши 65 га тўлган ва ундан юқори бўлган ёши улуғларнинг ҳаж сафари навбати белгиланган тартибда келгуси йилларга ўтказилади. Ёшга доир чегара бутун дунё мўмин-мусулмонларига тегишлидир.

Яна бир талаб, бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт.

Шунингдек, барча зиёратчилар менингитга қарши 4 валентли вакцина қабул қилган бўлишлари талаб этилади. Зиёратчиларга қўйилаётган талаблардан яна бири – фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари зарур.

Зиёратчиларимиз мамлакатимизнингг 7 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарлари аэропортларидан учишлари режалаштирилган. Ўзбекистондан ташкил этилаётган барча рейслар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади. Саудия Арабистонига ҳажга борган зиёратчиларимиз 14-31 июль кунлари мамлакатимизга қайтиб келишади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация