Мақола

780 27/10/2022

Бахтиёр ака устачилик ортидан 5 фарзандини олийгоҳда ўқитади. Улардан тўрт нафари шартнома асосида ўқийди. Ўтган йили тўнғич ўғлини уйлантирди. Келин ҳам университетлардан бирида шартнома асосида таҳсил олади. Фақатгина кенжа ўғли Тошкент Тиббиёт Академиясига “грант”га кирган. 48 ёшли уста Россияда муҳожирликда ишлаб юрган кезида белидан грижа орттириб қишлоғига қайтиб келган.

Ўзбекистонга “насилка”да қайтдим…

Фарғона вилояти Бешариқ тумани Шоберди қишлоғида яшайман. Россияга дастлаб 1997 йилнинг кузида борганман. 10 йилдан ошиқроқ муҳожирлик нонини едим. У ерда асосан уй таъмирлаш ишлари билан шуғулландим. Сантехник, электриклик ҳам қилдим.

Шу давр мобайнида уйга пул жўнатиб турдим. Рўзғордан орттириб жамғарган маблағга икки машина ва икки ер участкаси сотиб олдик. Ҳозирги яшаётган уйимизни эл қатори таъмирладик. Фарзандларимни 6-синфдан химия ва биологияга ихтисослаштирилган махсус мактабга бердик. Катта ўғлимнинг ўқиганини кўрган укалари унинг ортидан эргашди. Қолган фарзандларимни ҳам 6-синфдан репетиторга бердик. Худо етказиб турди.

Муҳожирликда 10 йил ишлаганимдан кейин оғир юк кўтариш оқибатида белимдан грижа орттириб олдим. Бир ойча тўшакка михланиб ётиб қолдим. Бахтимга атрофимда андижонлик ҳамроҳларим бор эди, касаллик хуруж қилган пайтларда улар тез ёрдам чақириб далда бўлиб туришди. Оғриқ кучайган кунларнинг бирида дўстларим аэропортга “насилка”да олиб боришди. У ердан Ўзбекистонга учдим…

Хавотирланишмасин деб касал бўлганимни уйдагиларга атай билдирмаган эдим. Ўзбекистонга келиб тўғри шифохонага ётдим. Муолажадан сўнг оёққа туриб кейин уйга келдим. Фарзандларим анча эсини таниб улғайиб қолишган экан. Аҳволимни кўриб қайтиб Россияга жўнатишмади.

5 талабани ўқитиш учун икки машина ҳам сотилди…

Катта ўғлим Андижон давлат тиббиёт институтига шартнома асосида ўқишга кирди. Унинг ортидан иккинчи ўғлим Украинадаги олийгоҳ талабаси бўлди. Унга ҳар йили 8 минг доллардан тўлашга тўғри келди. Аҳвол танглигидан Россияда ишлаб орттирган икки машинадан бирини сотишга мажбур бўлдим. Украинадаги ўғлим икки йилдан кейин ўқишини АДМИга кўчириб келди. Ўтган йили катта ўғлимни уйладим. Келиним ҳам талаба. У ҳам шартнома асосида ўқийди.

Қувончли кунлар қўша келди. Тўй қилган йилимиз, яъни ўтган йили эгизак фарзандларимиз Ҳасанбек ва Зуҳрахонлар ҳам ўқишга кирди. Ўғилларим Хумоюнбек ва Нурбек Андижон давлат тиббиёт институти, Ҳасанбек Тошкент Тиббиёт Академияси, қизим Зуҳрахон Қўқон давлат педагогика институти, келиним Шаҳнозахон эса Андижон давлат университети талабаси. Шундай қилиб 5 нафар талаба бўлди уйимизда. Хурсанд бўлганим, Ҳасанбек ТошМИга грант асосида ўқишга киргани бўлди. Ўтган йили иккинчи машинани ҳам сотиб уларнинг ўқишига тўлов қилдим.

Ойига ўрта ҳисобда 500 доллар пул топаман…

Турмуш ўртоғим уй бекаси. Ҳеч қаерда ишламайди. Оилада 5 нафар студент ўқиётганини билиб ҳокимият ёрдам қилди. Россиядан қайтгач 4-5 йилдан бери қишлоқда қурилиш ишларида юрибман. Пойдевордан тортиб том ёпишгача, уй ичини таъмирлаш ишларигача қўлимдан келади. Россияда ойига 1 200 доллар пул топардим. Қишлоқда 450 дан 600 долларгача пулга ишлайман. Нолимайман, топишим ёмон эмас. Ҳаётимиз яхши. Нолисам бўлмайди.

Бу йил тўнғич ўғлим ординатурага ўқишга кирди. У ўқиб ҳам ишлаяпти. Бу дегани каттаси еб-ичишини ўзи эплаяпти. Ёнимга кириб қолди. Яратганнинг ўзи етказяпти. 1 йилдан кейин ўғлим ва келиним ўқишни тамомлашади. Икки контрактдан “қутуламиз”. Тан оламан, қийинчилик бўлади, ўқитиш осон эмас. Лекин эплаб турибмиз.

Турмуш ўртоғим оила қурган йилимиз икки йил мактабда котиба бўлиб ишлаган. Декретга чиққанидан кейин қайтиб ишламади. Уй ишлари билан машғул бўлди.

Ўзим чанг ютиб ишлаяпман, фарзандларим тоза кийимда юрсин…

Ўтмишдаги воқеа ҳануз ёдимда. Ярим кечаси катта ўғлим Хумоюнбек 3 ойлик чақалоқлигида қаттиқ иситмалади. Қишлоғимизда ягона шифокор бор эди. Чақалоқни унинг ёнига олиб борганимизда уйидан оғриниб чиқиб келди. Ҳаётимдаги биринчи чақалоқ бўлгани учун нима қилишни билмаган эдим. Ноиложликдан боргандик. Шифокорнинг оғринганини кўриб кун келиб фарзандларимни ўқитаман, ўғилларим ўқиса бошқаларга бундай муомала қилмайди деб ният қилганман. Ўғилларимнинг барчасини тиббиёт соҳасида ўқитиш фикри айнан шу воқеадан кейин пайдо бўлган.

(Тўнғич фарзанди Хумоюнбек тиббиёт соҳасида яратган мобил иловаси учун 2021 йилда Инновацион ғоялар етакчиси кўкрак нишони билан тақдирланган)

5 фарзандимни баравар ўқитаётганимдан доим ғурурланиб юраман. Ўзим ўқимаганимга яраша болаларни ўқитишга бел боғладим. Ўзим чанг ютиб ишлаяпман. Улар тоза кийимда юрсин. Эскилар бежиз айтишмаган. Ўзингдан кўра фарзандларинг яхши яшаши керак. Фарзандларимдан кўра набираларим яхши яшасин.

Россияда орттириб келган грижам онда-сонда қўзғаб туради. Ишдаги ҳамроҳларимнинг бири акам, бириси укам. Улар менга оғир юк кўтаришга қўйишмайди.

 

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация