Мақола

628 09/11/2023

Новоусманский туман суди Ўзбекистоннинг икки фуқаросини йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сотганлиги учун қаттиқ тартибли колонияга жўнатди.

2023 йилнинг март ойида мигрантлар ноқонуний моддаларни тарқатиш мақсадида жиноий тил бириктиришган. Семилукский туманидаги Латная қишлоғидаги яширин жойдан улар 50 пакет героин олиб, биргаликда Лискинский туманига гиёҳванд моддаларни сотишга кетишган. Улар Новоусманский тумани полицияси ходимлари томонидан қўлга олинган.

“Суд жиноятчиларни 7 йил 4 ой ва 7 йил 5 ойга қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилди”, — дейилади Воронеж вилояти прокуратураси хабарида.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, кейинги пайтларда осон пул топиш илинжида бўлган айрим муҳожир ҳамюртларимиз наркотик моддалар савдосига аралашиб қолмоқда.

Сахалинда ҳам эндигина 23 ёшга кирган ўзбекистонлик гиёҳванд моддалар савдоси билан ушланиб, суд қарорини кутмоқда.

Сочида ватандошимиз Абхазияга метадон моддасини олиб ўтаётганда қўлга тушган. У судланиб 16 йил озодликдан маҳрум этилди.

Дилшод исмли йигит эса гиёҳванд моддалар савдо қила бошлаганининг биринчи куниёқ қўлга олиниб, 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қамоқдан “Вагнер” жангарилар тўдасига ёлланиб, Украина урушига кетган.

Железногорскда Марказий Осиё республикаларидан бирининг 42 ёшли фуқароси 5 йилу 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У катта миқдордаги синтетик гиёҳвандлик моддаси – метадонни сотишга уринганликда айбдор деб топилган. Унинг жиноий ҳаракатлари вилоятга келганидан бир неча соат ўтиб тўхтатилди.

Жорий йилнинг май ойида Самарада бир қирғизистонлик ва бир ўзбекистонлик ҳам жиноят устида қўлга олинди. Уларнинг телефонларида Самара бўйлаб қўйиб чиқилган “закладка”лар харитаси чиқди.

Меҳнат муҳожирлари оиласини боқиш, пул ишлаб ватанига қайтиш учун Россияга боради. Уларнинг кўпчилиги ҳалол пул топиш учун ҳаракат қилсалар-да, баъзилар енгил йўл билан пул топиш дардида тақиқланган фаолият билан шуғулланишади. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, меҳнат муҳожирларга талаб ортди: улар вайрон бўлган шаҳарларни тиклаш ва хандақлар қазишгина эмас, балки бевосита урушга ҳам жалб қилина бошлади. “Вагнер” ёлланган мигрантларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар савдоси билан қўлга тушганлар. Урушга борганларнинг кўп қисми ҳалок бўлади, қариндошлари эса ҳеч бўлмаганда жасадни ўз ватанига қайтариш учун бир неча ой сарсон бўлади.

Ҳозирги кунда Россияда ҳам ишчи кучига талаб ортмоқда. Шунингдек, бошқа чет давлатларда ҳам ишлаш имкониятлари бор. Муҳожирларга қонунни бузиб, гиёҳванд модда савдосига кирманг, унинг охири алабатта вой бўлади, деймиз. Чунки уларни “иш” билан таъминлаётганларнинг ўзи ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ишлаши ҳақиқатдан узоқ эмас. Уч-тўрт сўм ишлайман деб ўзингизни, оилангизни хатар ва оғир аҳволга солманг!

Ёқуб Умар

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация