Мақола

2 058 08/08/2023

Россия Федерациясидаги 100 минг меҳнат муҳожири қарзлари туфайли нелегал муҳожирга айланиши мумкин.

Россияда 2023 йил декабрига қадар 50 мингга яқин меҳнат муҳожири микромолия ташкилотлари (МФО) олдидаги қарзлари туфайли нелегал муҳожирга айланиши мумкин. Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов 2024 йилда 100 000 киши тартибга солинмаган ҳуқуқий мақомда қолиш хавфи остидалигини маълум қилган.

Миграция қонунчилигига кўра, чет элликлар мамлакатда бўлишнинг қонуний муддати тугаганидан кейин Россияни тарк этишлари шарт. Бироқ меҳнат муҳожирлари томонидан кредит ва қарзларни тўламаслик суд ижрочилари томонидан уларнинг Россия Федерациясидан чиқиб кетишни тақиқлашига олиб келади. Ҳар бир фуқарога ўртача қарз миқдори 70-80 минг рублни ташкил қилмоқда.

Ўзбек диаспораси ҳисоб-китобига кўра, март-июл ойлари давомида Россия судларига мигрантларга нисбатан 300 мингга яқин шундай даъво аризалари киритилган.

Судга асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига кредит беришга ихтисослашган ташкилотлар мурожаат қилган. Даъволарнинг умумий миқдори 21-24 миллиард рублга баҳоланмоқда.

Исмоиловнинг таъкидлашича, жорий йилнинг март ойидан бошлаб судга берилган даъволар сони кескин ўсишни бошлаган. Унинг сўзларига кўра, қарз олувчилар шунчаки тўлашни тўхтатиб қўйишган, бунинг натижасида молиявий ташкилотларда катта кредиторлик қарзлари тўпланиб қолган.

Мутахассиснинг тушунтиришича, бу ҳолат микрокредитлаш тартиб-қоидаларининг онлайн форматга ўтиши туфайли юзага келган, бундан эса кредит олиш осонлашган. Исмоилов муҳожирларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлигига ҳам ишора қилади.

Аввалроқ Меҳнат вазирлиги 2030 йилда Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони 2022 йилга нисбатан 400 минг кишига – 3,5 миллион кишигача ошишини маълум қилганди. Бироқ, ВНИИ экспертларининг фикрига кўра, Меҳнат вазирлигининг тахминлари бироз ошириб юборилган, чунки бундай кўрсаткичга эришиш учун расмийлар Ҳиндистон, Эрон ва Индонезия фуқароларини жалб қилишлари керак.

Гап шундаки, анъанавий равишда Россиядаги муҳожирларнинг энг катта гуруҳи бўлган Марказий Осиёдан келган ишчилар учун рақобат кучайиб бормоқда – бошқа мамлакатларда уларга яхши маош таклиф қилишмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация