«Мен бу шаҳарни уч кунда севиб қолганман…».
Ўзбекистонлик Шаҳобиддин Юсупов 25 йилдан бери Харковда истиқомат қилади ва ҳар куни шифокорлар, ҳудудий мудофаа жангчилари ва шаҳарнинг Россия ҳарбий бўлинмалари ҳужумларидан азият чеккан фуқароларига иссиқ таом улашади. У “Наврўз” ресторанининг хўжайини ва у ерда шаҳар аҳолиси учун алоҳида шохобча ташкил қилган, деб ёзмоқда Currenttime нашри.
Маҳаллий аҳоли уни оддийгина “Шоху” деб чақиради. Урушдан олдин унинг “Наврўз”и шаҳарда машҳур шарқ таомлари ресторани эди. Доимий ўққа тутишларга қарамай, бинога ҳозирча талофат етгани йўқ.
Шаҳобиддин Юсупов Харковдаги тўқнашув ҳақида ижтимоий тармоқда видео жойлагач, машҳур бўлиб кетди.
“Бу ерда битта зирҳли транспорт воситаси бор эди ва бу ерда танк турарди. Ҳаммаси бўлиб олтита техника эди. Айнан ўша ерда отишма бўлди, менда видео ҳам бор. Биз аллақачон ишга келгандик ва у ерда отишма бўлаётганди. Лекин биз бугун тирикмиз, Аллоҳга шукур, эртага ҳам тирик бўлсак, ўз ишимизни давом эттирамиз” — дейди Шаҳобиддин Юсупов.
Урушнинг бошиданоқ бомбардимон ва снаряд зарбаларига қарамай Юсупов ва «Наврўз» ходимлари маҳаллий аҳоли учун ҳар куни иссиқ овқат тайёрламоқда. Дошқозонларда мазали палов, бўтқа ва турли хил шўрвалар пиширилади, Харков аҳолиси ҳар куни 500 дан ортиқ порсия иссиқ овқат олади.
“Шохунинг ўзи овқат пиширади. Нон, торт пишириб, палов тарқатишади. Мутлақо текин”, – дейди овқат учун келганлардан бири. Уларнинг кўпчилиги ўққа тутилгани учун уйларини йўқотган ёки овқат пишириш имконига эга бўлмаганлардир.
“Нега мен бу ерда илдиз отганман? Мен Томскда ўқиганман. Перм ва Москвада ишлаганман. Лекин бу ерга келганимдан сўнг уч кун ичида бу шаҳарни севиб қолдим. Чунки бу ердаги одамлар бошқача. Бу ерда рус тили билан ҳеч қачон муаммога дуч келмаганмиз. Мен 26 йилдан бери Харковда яшайман. Бу ерда аҳолининг 80 фоизи рус тилида гаплашади. Ўзбекистонлик, осиёлик талабаларимиз рус тилида таълим оладилар. Бу ерда тартиб ўрнатиш шарт эмас. Бу ернинг одамлари меҳрибон ва маданиятли”— деб тушунтиради Шаҳобиддин.
Унинг айтишича, уруш бошлангандан кейин ҳам кетиш хаёлига келмаган. У қолишга қарор қилган ва ўзи билган иш билан шуғулланмоқда.