Мақола

1 772 16/11/2023

Ҳар қандай муаммони мигрантларга боғлаб ўрганган рус амалдорларидан яна бири, Россия Давлат думаси раиси ўринбосари, муҳтарам Пётр Толстой тил масаласига бағишланган парламент эшитувларида “чакак томирлари бўртиб”, ғалати таклифларни билдирди.

Унинг фикрича, рус тили муҳим бўлмаган ва яхши ўқитилмайдиган постсовет мамлакатлари фуқаролари учун Россияда ишлаш имконияти чекланган бўлиши керак эмиш. Шунингдек, жаноб Толстой ушбу мамлакатларда рус тили эмас, инглиз тили фаол ўрганилаётганидан жиғибийрон бўлди.

“Масалан, рус тили давлат тили бўлмаган, постсовет ҳудудидан бўлган мамлакатлар фуқаролари жамоат жойларида ҳайдовчи, сотувчи, курьер бўлиб ишламаслигини белгилаб қўйиш керак. Бундай чора-тадбирлар вазиятни аста-секин тузатади”, деди у.

Шунингдек, бу борада Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда вазият ижобий эканини олқишлаб, Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистонда атай яхши ўқитилмаслигини айтди. Қолаверса, мигрантлар пулига Ўзбекистонда рус мактаблари қуриш таклифини билдирди.

“Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда бундай эмас. У ерда рус тилидаги мактабларни қуриш, 90-йилларда “ўлдирилган” совет интеграция тизимини ривожлантиришда бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқоридаги давлатлар ҳисобидан мустақил равишда, уларнинг фуқаролари Россияда ишлаш вақтида ўз ватанларига юборадиган даромадлар ҳисобига амалга оширилишини таклиф қиламан”, деган Дума вакили.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП МК раиси Алишер Қодиров эса унга жавобан ўз ахборот платформаларида пост қолдирди:

“Вице-спикер Толстойга жавобан, ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак(ми?)

Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини ўргатамиз.

Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин”.

Нима ҳам дердик? Яхши ҳам Россияда мигрантлар бор. Бўлмаса, айбдор топа олмай, бир-бири билан урушиб юришармиди?

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация