Maqola

3 523 03/05/2016

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссия, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан Миграция бўйича Халқаро Ташкилотининг (МХТ) Марказий Осиёдаги Мувофиқлаштирувчи офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Одам савдосига қарши курашиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Австрия, Албания, Корея, Исроил ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар, МХТнинг Мувофиқлаштирувчи офиси вакиллари, прокуратура ва ИИВ органлари, вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуси масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида, одам савдоси инсониятга хавф туғдирувчи, тобора уюшган трансмиллий ва глобал тусга эга бўлаётган, халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни талаб этувчи офат эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, жаҳон ҳамжамиятида бўлганидек, Ўзбекистон учун ҳам одам савдосига қарши курашиш мамлакат хавфсизлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоясини таъминлаш борасида зарур чора ҳисобланиши қайд қилинди.

Конференцияда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш аҳволи ва бу борада кўрилаётган чоралар хусусида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган чоралар, аввало, ушбу салбий ҳодисага қарши курашга қаратилган асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий базанинг яратилишида намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, 2008 йилда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, одам савдосига қарши курашиш борасида давлат органларининг ҳамкорлигини ва фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарори билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссия ташкил этилди, ҳудудий идоралараро комиссиялар тузилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Ҳаракат режаларини бажариш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар юзасидан таъқиб қилиш ва уларни олдини олиш бўйича фаолияти кучайтирилди, ахборот-тарғибот тусдаги тадбирлар амалга оширилди. Одам савдосидан жабр кўрган шахслар ташкил этилган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказида реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Ички ишлар вазирлиги тизимида одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус таркибий тузилма ташкил этилди.

Тадбирда хорижий экспертлар иштирокчиларни Европа ва Осиё давлатларида одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари, халқаро ва миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек, амалиётчилар учун ташкил этилган таълим тадбирлари билан таништирдилар.

Халқаро экспертлар ўз чиқишларида мамлакатда одам савдосига қарши кураш соҳасида амалга оширилган ишларни юқори баҳолаб, келгусида давлат органлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро алоқаларини янада кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.

Халқаро конференция якунида миллий қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

Манба  prokuratura.uz

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya