Maqola

3 949 04/05/2016

12592361_590368927801128_2436781268381559132_nТошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Блогер.

Кундалик турмуш қийинчиликлари ҳакида тинмай нолийдиган айрим юртдошдаримизнинг дабдабали тўй-маъракалари ёки қураётган данғиллама иморатларини кўриб, ҳар ким ўзича хулоса чиқаради. Бировлар «топарман экан, қандини урсин, пул ўзиники, қандай хоҳласа, шундай сарфлайди-да», дейишса, бошқалар «ҳа, энди чет элда бели оғримасдан доллар топгандан кейин шу-да. Бундайлар учун пул хазондай гап», деб қўйишади.

Афсуски, хўжакўрсинга сарфланаётган ўша пуллар катта машаққат, кўп ҳолларда таҳқиру хўрликлар, йуқотилаётган соғлиқ эвазига қўлга киритилаётганлигидан аксарият бехабар. Буни тушиниш мумкин. Чунки аҳолига фақат пулнинг қандай ишлатилаётганлиги, яъни сарфланаётганлиги маълум, холос. Кўзимизга чет элда ишлаётганларнинг фақат маъракаси, уларнинг оила аъзолари устидаги ялтир йултур кийимлару миниб юрган машиналари кўринади.

Хизмат сафари билан АҚШда бўлганимда мигрантлар ҳаёти билан ҳам яқиндан танишдим. Айрим мулоҳазаларимни юртдошларим билан баҳам кўришни лозим топдим. Мақсадим кимнидир камситиш ёки қилаётган ишининг «яхши» ё «ёмон» деб, юзига солиш эмас, балки «енгил пул» бўлмаслигини, капиталист бир центини ҳам бекорга сарфламаслигини аниқ мисоллар асосида кўрсатишдан иборат. Бу, бир томондан, аҳолининг айрим қатламлари орасида шаклланиб бораётган «хорижда пул топиш осон» қабилидаги фикрнинг асоссиз эканлигини кўрсатиш, бошқа томондан, мигрантлар катта машаққат эвазига ишлаб юбораётган маблағни совураётган уларнинг оила аъзолари кўзини очиш учун зарур, деб ўйлайман.

Биринчи фикрни асоссизлиги англаш ҳамма ҳам хорижда ишлай олмаслигини  тушуниб етиш учун зарур. Афсуски, чет элга интилувчиларнинг ҳаммаси ҳам ёши, асосий касб кори, соғлиғи ва, умуман, имкониятларини инобатга олмайди. Боз устига, улар бошланғич капиталсиз, аниқ борадиган жойи бўлмагани ҳолда, ўзларини нима кутаётганлигидан бехабар йўлга отланишади. Натижада дастлабки ойларда улар нафақат каттагина моддий қийинчиликларни бошдан кечиришади, оқибати соғлиғи учун ўта зарарли бўлган руҳий азоб исканжасида қолишади. Бундайларнинг моддий аҳволи маълум маънода кейинчалик изга тушиб кетса-да, лекин уларнинг маънавий ва руҳий азобдан қутилиши осон чекмайди. Унинг асорати бир умрга қолиши мумкин.

Иккинчи фикрни (хориждан келаётган пул енгил йўл билан топилмоқда деб ўйлаётганлар қараши нотўғрилигини) асослаб бериш ҳам айни шу кунларда муҳим долзарблик касб этмоқда. Турмуш ўртоғи, отаси (ёки онаси) хорижда ишлаб юбораётган пулнинг ҳақиқий қийматини билмаслик, унга (пулга) енгил-елпи муносабатда бўлишга олиб келмоқда. Нега бошқа халқ вакиллари катта машаққатлар эвазига киритилан маблағни ишлаб чиқаришга, тадбиркорликнинг бошқа соҳасига жалб қилиб, уни кўпайтиришга интилишади? Ана шу йўл билан топган фойдани ишлатишади. Биз эса топганимизни қисқа вақт ичида ўйламасдан сарфлаймиз-да, яна бармоғимизни тишлаб ўтираверамиз. Атрофимизга назар ташласак, ҳар биримиз буни қариндошимиз, танишимизу қўшнимиз мисолида кўришимиз мумкин.

Хорижда ишлаб келган бир танишим янги «Нексия» ва ҳовли сотиб олган эди. Ҳовлидаги бор иморатларни тўласинча бузиб ташлаб, айланасига икки қаватли иморат учун ертўла қазиди ва мустаҳкам пойдевор ётқизди. Ертўланинг усти ёпилмасдан ошнамнинг пули тугади. У «Нексия»сини сотиб, қурилишга сарфлади. Иморатининг ташқи девори битмасдан автомашинанинг пули ҳам адо бўлди. Деярли уч йилдан бери бино чалалигича ётибди. Танишим яна хорижга жўнади.

Яна бир «чет эллик» танишим ўғлини уйлантирган эди. Фотиҳа тўйининг ўзига 300 кишини таклиф қилиб, ресторанда дастурхон тортди. Тўйни, яъни «вечер»ни эса 700 киши билан яна ресторанда ўтказди. Қилинган сарпою бошқа беҳуда ҳаражатларни айтмай қўяй. Бундай «ҳотамтойлик» тўй эгасини хароб қилиб қўди. Ўзининг маблағи етмаганлиги боис қарз олишга мажбур бўлди. Энди еб-ичишида ҳаловат йўқ, нима қилишини билмай сарсон.

Нега биз бир ишга қўл уришдан олдин имкониятларимизни чамалаб кўрмайиз? У ёғи бир гап бўлар деб, бир юмушни бошлаб юборамизу кейин азобини тортиб юрамиз. Яна, бунинг устига ўзимизнинг чеккан азобларимиз, бошқаларнинг ўйламасдан қилган иши оқибатида бошига тушган маломатлар бизга дарс бўлмайди.

Халқимизда азалдан шундай нақл бор: йигитга Хизр бир марта назар қилади. Эпласа эплайди. Эплолмаса ўзидан кўрсин. Бахт қуши ундан узоқлашади. Афсуски, айримлар ҳаёт доимо бир хил давом этаверади, деб ўйлашади. Бундай эмаслигини, хорижда пул топиш машаққатию уни беҳуда сарфлаш нималарга олиб келишини кўриб чиқамиз.

АҚШга келган мигрантларнинг асосий қисми Нью-Йоркда қолиб кетади. МДҲ давлатларидан келганларнинг аксарияти шаҳарнинг Бруклин ва Квинс деган қисмларида яшаб, меҳнат қилишади. Ушбу мегаполиснинг қанчалик йириклиги ҳақида тасаввур қилиш учун шуни айтиш кифояки, фақат Бруклиннинг ўзида 2,5 миллион одам яшайди. Мигрантларимизга иш берувчиларнинг асосий қисмини собиқ Иттифоқдан 15-20 йил олдин келган яҳудийлар, руслар ва бошқа миллат вакилари ташкил қилишади. Улар мамлакат фуқаролигини олиб, турли ишлардан бошлаб, кейинчалик ўз бизнесларига асос солишган. Кимдир қурилиш компанияси ташкил этган, яна кимдир ресторан ёки савдо нуқтаси очган.

Бу ерда мени ҳайратга солган воқелик шу бўлдики, Ўзбекистондан келиб ишлаётганларнинг асосий қисмини самарқандликлар, қолганини тошкентликлар ташкил этаркан. Бошқа вилоят вакиллари жуда оз.

Мигрантларимиз турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Уларни қурилиш ва транспорт ташкилотларида, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида, коммунал тармоғида, реклама хизматида кўриш мумкин. Қўлида ҳунари бўлганлар ҳар қалай кунини кўриб юрибди. Бундайларнинг аксарияти қурилишда усталик ишларини бажармоқда ёки автокорхоналарда ҳайдовчилик қилмоқда. Ҳунари бўмаганлар эса тўғри келган ишни бажаришга мажбур. Кейинги йилларда Грин кард соҳиблари (эркаклар ҳам, аёллар ҳам) қариялар ва беморларга қарашмоқда, яъни хоматент (home-attendant) бўлиб ишлашмоқда.

Келгуси мақолаларда аниқ мисоллар асосида «енгил пул» қандай қўлга киритилаётганлигини кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Манба: http://rtoshpulat.blogspot.ru

 

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya