Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкентнинг Яшнобод, Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларидаги бир марталик иш бериш бюроларида меҳнат қилаётган ёшлар билан суҳбатлар ўтказди, деб хабар қилинди ташкилотнинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида.
“Бугунги кунда мардикор бозорларида ёшларнинг меҳнат фаолияти расмийлаштирилмаган. Мавсумий ишларда ишловчи ёшларнинг ҳуқуқларини тўла даражада ҳимоя қилиб бўлмаслик ҳолатлари мавжуд.
Суҳбатлар давомида бир марталик иш бериш бюроларида ишлаётган ёшлар учун кунлик иш ҳаққи енгил ишлар учун 50 минг сўмдан бошланиб, оғир ишлар учун 100 минг сўмгача белгиланганлиги аниқланди”, — дейилади хабарда.
Жумладан, Яшнобод туманидаги вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросида 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 40 нафарни ташкил этган.
Таъкидланишича, аксарият ёшларда касб-ҳунар коллежи дипломи мавжуд, аммо коллежни битиргандан кейин ҳеч қаерга ишга кира олишмаганлиги учун шу ерда вақтинчалик ишламоқда. 36 нафар мавсумий ишчилар Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик рўйхатда турмаганлиги сабабли, Яшнобод тумани ИИБ ходимлари билан кўплаб эътироз ва муаммолар келиб чиқаётганлигини билдиришган.
Учтепа туманида ёлланма ишчилар (мардикор)нинг аксарияти Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан эканлиги аниқланган. Туманда ишлаб чиқариш корхоналари камлиги сабабли Тошкент шаҳрига келиб мардикорчилик қилишмоқда.
Ёшлар яшаш шароитлари қониқарли эмаслиги, битта квартирада 6-15 тача бўлиб яшашларини, яхши иш топиш мушкуллигини, агарда, улар ҳам ўзлари яшайдиган жойларда иш билан таъминлансалар, уйларига қайтишга тайёрлигини айтишган.
Манба: sputniknews-uz.com