Maqola

3,215 26/07/2017

Айрим ёшларнинг ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётгани ва бу кўрсатгич йилдан-йилга ортиб бораётгани масаланинг моҳиятига тўлиқ етиб боролмаётганимизни кўрсатади, — деди ЎзА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев.

“Кези келганда дарсга қатнашмаётган ўқувчисининг қаерда юрганини билмайди, деб ўқитувчини, ўсмирнинг ножўя оғишидан хабарсиз, деб коллеж психологини, ҳудудидаги оилалар аҳволи билан таниш эмас, деб маҳалла масъулларини айбдор санаймиз. Лекин бир оилада, бир уйда яшаётган ўғли ё қизининг бир неча кундан бери уйда йўқлигини ҳам “пайқамайдиган” ёки фарзандининг ножўя хатти-ҳаракатидан бохабар бўлса-да, бирон чора кўриб, уни тўғри йўлга бошлашга уқувсиз, бепарво, лоқайд ота-оналарни нима дейиш мумкин? Агар улар ўз фарзанди тақдири учун жон куйдирганда, бир нечта давлат ва нодавлат ташкилотлари учун жамиятда янги-янги муаммолар пайдо бўлмасди”, — деган Қуронбоев.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисига кўра, айрим ёшлар хорижда ишлаш орқали ўз турмушини, оиласи ҳаётининг моддий фаровонлигини таъминлашни мақсад қилишади. Уй-жойга эга бўлиш, машина сотиб олиш, замонавий уй-рўзғор анжомлари, маиший техника, мебель жиҳозлари каби ҳаётий эҳтиёжларга ойлик маош билан эриш мушкуллигини рўкач қилишади.

Бу борада давлат кўрсатаётган ижтимоий ҳимоя тамойили, афсуски, ёшлар аудиториясини тўла қамраб ололмаган. Қолаверса, давлатнинг ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги айрим мансабдорларнинг айби билан ҳамма жойда бирдай холис ва адолатли бажарилмаяпти. Бундай нохолисликни кўрган қони қайноқ, таъсирчан ёшлар бир зумда ўз хулосасини чиқариб, бутун бир давлатни адолатсизликда айблайди. Сўнгра ўзича адолат ва моддий фаровонлик қидириб ўзга юртларга равона бўлади. У ерларда ўз шаъни, обрў-эътибори, ғурури, ҳатто ор-номуси топталиб, сарсон-саргардон бўлишини мулоҳаза қилиб ўтирмайди.

“Нажмиддин Кубро каби буюк аждодларимиз “Ё Ватан, ё саодатли ўлим”, деган ғояни ўз ҳаётида дастуриламал қилиб олиб, ҳар қандай танг вазиятда, ҳатто энг таҳликали дамларда ҳам юртдан оёғини узмаган. Яқин ўтмишимизда яшаган кишилар — Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир синовли йиллар изтиробини чекканлар ҳали орамизда кўп. Ана ўшалар бошидан кечирган, гувоҳи бўлган қора кунлар тафсилотини кўп эшитганмиз. Ҳатто бир бурда зоғора нонга зор яшаб, кунжара ейишгача бориб етганда ҳам одамлар бошқа жойга кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаган. Уларда ғурур, орият кучли бўлган. Ўткинчи ҳою ҳавас, қорин қайғуси учун ўзга юртда саргардон бўлишни инсон учун номуносиб, деб билган. Бугун минглаб фарзандларимизнинг хорижда ноқонуний меҳнат мигрантлари бўлиб юриши уларга оилада аввалбошданоқ шу тарбияни беролмаганимиз оқибатидир”, — деб қўшимча қилган Қуронбоев.

Ҳар бир ёш тақдирига алоҳида эътибор билан қараш, уларнинг муносиб шароитларда ўқиши, ишлаши учун барча зарур чораларни кўриш керак, деб таъкидлаган Қуронбоев. “Зотан, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшлар ҳар қандай муаммони ҳал этишга, энг мураккаб вазифаларни ҳам бажаришга қодир бўлади. Бундай ёшлар қийинчиликлардан чўчимайди — иродаси мустаҳкам, ҳар қандай шароитда ҳам элу юртга содиқ бўлиб қолаверади. Бизнинг бош вазифамиз ёшларимизни ана шу руҳда камолга етказишдир”, — деб қўшимча қилган у.

Манба: Sof.uz

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya