Мақола

707 13/10/2022

5 октябр куни АҚШнинг иммиграциявий хилма-хиллик бўйича виза дастурида янги мавсум очилди. Америкада доимий яшаш ҳуқуқини олмоқчи бўлганлар 8 ноябргача лотерея сайтида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бу йил рўйхатдан ўтиш учун тўлдириладиган анкета саволлари қисқарган. Саволлар орасидан талабгорнинг паспорт серияси ва рақами, паспорт берилган мамлакат, паспортнинг амал қилиш муддати ҳақидаги бандлар чиқариб ташланди.

Лотереянинг аввалги йиллардаги қоидаларида номзоднинг айнан хорижга чиқиш паспорти бўлиши кераклиги аниқ ёзиб қўйилган эди. Эндиликда ҳар қанақа паспорт маълумотларини киритиш талаби бекор қилингани натижасида, Ўзбекистон фуқаролари дастурда қатнашиш учун қизил паспорт олиш мажбуриятидан халос бўлди.

Бу дегани 2022 йилдан бошлаб ўзбекистонликлар ИД карта ёки маҳаллий яшил паспорт билан ҳам грин-карта лотереясини ўйнаши мумкин. Қизил паспорт эса кейинроқ, ютуқ чиққан тақдирдагина керак бўлади ва уни ўша пайтда ҳам олса бўлади.

Аслида 2019 йилгача бўлган даврда ҳам грин-карта ўйновчилардан паспорт маълумотлари сўралмас эди. Бунақа талаб уч йил олдин, мигрантларни хушламайдиган Доналд Трамп президентлиги пайтида киритилган эди. Лекин 2022 йил феврал ойида АҚШ федерал суди бу талабни ноқонуний деб топди.Гап шундаки, бу лотерея – АҚШга келувчи иммигрантлар орасида миллатлар хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган.

Бу дастур Америкага иммиграция кўрсаткичлари тарихан кам бўлган халқлар вакилларига АҚШга кўчиб келишга имкон беради. Лекин бундай мамлакатларда яшовчиларнинг ҳаммасида ҳам паспорт олишга пули бўлмаслиги мумкин. АҚШ ҳукумати эса ҳали лотереяда ютиш-ютмаслиги ноаниқ бўлган миллионлаб одамлардан паспорт талаб қилиб, уларнинг лотерея ўйнаш имкониятини чеклаб қўйган эди. Бунинг натижасида охирги йилларда дунё бўйлаб грин-карта ўйнайдиганлар сони 23 миллиондан 13 миллионга камайиб кетди. Федерал суд шу ва бошқа омилларни инобатга олиб, ҳукуматнинг талабини лотерея ҳақида 1990 йилда қабул қилинган қонун моҳиятига зид деб ҳисоблади.

Қатор манбаларнинг ёзишича, Диверситй Виса анкетасига паспорт маълумотлари ҳақидаги банд яна қайта киритилиши эҳтимоли анча паст.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация