Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Шариксиев чет элга чиқиш паспорти қачон жорий этилиши, унинг берилиш тартиби тўғрисида изоҳ берди.
Шариксиевга кўра, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига асосан 2019 йилнинг 1 январь кунидан Ўзбекистон фуқароларига чет элга чиқишлари учун “чет элга чиқиш паспорти” жорий этилади.
Ушбу чет элга чиқиш паспорти билан ҳужжатлаштирилган Ўзбекистон фуқароларига чет элга чиқиш рухсат ёзуви талаб этилмайди.
Полковник, шунингдек, муддати ўтиб кетган паспортдан фойдаланиш оқибатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 223-моддаси 1-қисмида паспорти шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортни йўқолиши-энг кам иш ҳақининг ярим бараваридан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган”, — деди Шариксиев.
Манба: Sputnik