Maqola

333 25/12/2023

Таниқ немис сиёсатчиси, Германиянинг биринчи канцлери Отто фон Бисмарк “Озодлик бу ҳамма ҳам ўзига раво кўра олмайдиган ҳашаматдир”, деган эди. 

Ҳа, озодлик, мустақиллик, ҳурлик аввалдан ҳаракат, ҳаражат ва қон билан эришиладиган, сақлаб туриладиган азиз неъмат бўлган. Бугунги замонавий дунёда эса бу талабларнинг сони ва салмоғи ортган. Яъни атрофда сенинг уйингга, молингга, жонингга кўз олайтирадиган шоқоллар, шовинист ва ксенофоблар кўпайган.

“Озодлик” деб аталадиган ҳашаматнинг нархи қанчалик баланд бўлмасин, Ватан эрки учун на пул, на жоннинг қиммати кўзга кўринади. Яъни эрк учун моддий қиймат заррача аҳамиятга эга эмас. Агар ичингдан хоин, сотқинларга тўла “5-колонна” одамлари чиқмаса.

Ассалому алайкум! Ҳафта воқеалари тафсилоти билан студияда, мен, журналист Муслим Мирзажонов. Бугунги кўрсатувимизнинг асосий мавзуси озодлик, эрк ва унга таҳдид!

Бу ҳафта айтиш керакки, одамнинг асаб толаларини чертадиган ёки қақшатадиган бир воқеилик билан ёдда қолди. Бу Ўзбекистон суверинитети ва бизнинг озодлигимизга қилинган таҳдид. Бу таҳдидни «Справедливая Россия — Патриоты — За правду» партияси раҳбари, сиёсатчи, ҳарбий, ёзувчи, публицист ва пропагандачи Захар Прилепин қилди.

Асл исми Евгений бўлган бу нусха Москвада бўлиб ўтган  “Қўмондонлар кенгаши” фаолияти ҳақидаги матбуот анжуманида собиқ СССР ҳудудларини, жумладан Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олишни ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилди.

Эътибор берган бўлсангиз, у Киевдаги ғалаба парадидан кейин Евроосиё ҳудудларини Россияга қўшиб олишни ва бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслигини айтди. Бу ўтакетган ахмоқона хулоса. Биринчидан, Россиянинг Украинадаги “Махсус операцияси” уч кунда тугаши айтилганди. Кўрдикки, бу 3 йилда ҳам тугаймайдиганга ўхшаяпти. Иккинчидан, бунга у қўшиб олиш кераклиги айтилган марказий осиёликлар, жумладан, ўзбекистонликлар асло рози бўлмайди.

Мен “ўзбекистонликлар”, деганда ҳамма нарсани пулга чақадиган, қорин-қурсоғидан бошқа ташвиши йўқ одамлар, сотқин ва хоинлар ҳақида гапирганим йўқ. Мен, ҳар қандай вазиятда, Ўзбекистон мустақиллиги учун курашадиган, жонини ҳам фидо қиладиган мардлар ҳақида айтдим.

Шовинистик руҳдаги бу баёнот барчамиз учун жиддий сигнал бўлди. Бир ақлли одам “украинлар биз учун ҳам жанг қиляпти”, деганда ҳақ эди.

Бу иддаога жамоат фаоллари, сиёсатчилар ва соғлом ақл эгалари кескин фикрлар билан чиқди.

Жумладан, собиқ депутат, жамоат фаоли, ҳуқуқшунос ва журналист Расул Кушербаев ўз саҳифасида шундай ёзди:

“Жаноб Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётган бошқаларга биринчидан, ўз тилида «пошёл на х…».

Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли.

Иккинчидан, ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар.

Расмий Кремл мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади”.

Кейинги видеомурожаатида эса ватан озодлиги учун барча нарсага тайёр эканини билдирди:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров дарҳол муносабат билдирди. Кейин тармоқлардан ўчирилган ва таҳрирланган постда шундай жумлалар бор эди:

“Россия Ғарбнинг тарқоқ ва қўрқоқлигининг қўл келишидан умидвор бўлиб, Украинада уруш бошлади. Қисман мақсадига эришди ҳам, Ғарб украин халқининг қони билан виждонсизларча геосиёсий савдо қилмоқда.

Россия Марказий Осиёга олақараш қила олмайди, чунки Туркия ва Хитой Ғарб эмас. Буни амалда кўришга ҳам улгурдик…

Рус “перепёлка”лари Украинада бўлганидек, Россия ва Ўзбекистондаги ўзбек руспарастларининг “чизилган” статистикасидан умидвор бўлаётган бўлиши мумкин, лекин ишонинг, Украина воқеалари бундайлар сонини кескин камайтириб юборди.

Яна такрорлайман, Россиянинг бошига ўзининг аҳмоқлари етади!”.

Алишер Қодиров ўз муносабатини сал таҳрирлаб, силлиқлаб эълон қилган бўлса-да, ҳар ҳолда бунга тезкор реакция билдиргани таҳсинга лойиқ.

Жамоат фаоллари, тармоқ фойдаланувчилар ўз изоҳларида Ташқи ишлар вазирлиги бу иддаоларга ўз муносабатини билдириши кераклигини алоҳида ва қатъий оҳангда таъкидлашди. Ва шундай бўлди ҳам. Вазирлик бу ишга доимгидек дипломатик босиқлик билан ёндошди. 21 декабрь куни Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди. Вазирлик бу ҳақида шундай хабар қилди:

“2023 йил 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилди. Учрашув давомида Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.

Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.

Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»лигини билдирди.

О.Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди”.

Хўш, Россия томони бу ҳақида нима деди? Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова “Прилепиннинг Россия Федерациясига меҳнат миграцияси ва шу муносабат билан Ўзбекистон ҳудудининг Россияга қўшилиши ҳақидаги баёнотлари унинг шахсий фикри ва Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди, — деди. Соддароқ қилиб айтсак, бу шунчаки бир ахмоқнинг валдираши, деди.

Шу ўринда Прилепин деган  шахснинг кимлиги, кирдиркорлари ҳақида билмоқчи бўлсангиз, сайтимизда эълон қилинган “Прилепин Ўзбекистонни Россияга қўшиб олишни таклиф қилди. У нусха ўзи ким?”, номли мақолани ўқишни тавсия қиламиз.

Прилепиннинг чиқишига бу сафар жуда кўпчилик муносабат билдирди. Улар орасида депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам бор эди.

«Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўз видеомурожаатида рус сиёсатчиларининг бундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкинлиги айтди.

Шунингдек, таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжа Захарга йўллаган русча видео мурожаатида “Андишанинг номини қўрқоқ қўйма!”, деди.

Эътибор берсангиз, айрим рус сиёсатчилари мигрантларни қурол қилиб ўз фикрларини асослашга ҳаракат қилади. Тўғри, неча йилларки, миллионлаб одамларимиз Россияда ишлаб, бола-чақа боқмоқда. Лекин унутмаслик керакки, улар одамларимизнинг ранги-рўйи, чиройи учун пул бермайди. Меҳнат муҳожирлари қора терга ботиб қилган ишлари учун ҳақ олишади. Бу тенг ҳуқуқли бир бозор. Россия ҳам мигрантлардан манфаатдор, муҳожирлар ҳам.

Шунга қарамай, модомики, мигрантлар аксар сиёсатчилар, шовинистлар учун қурол, ричаг сифатида кўрилар экан, миграция векторларини жиддий ўзгартирадиган вақт келди. Ҳозирча ўзимизда яхши пул топиш учун имконият йўқ бўлса, демакки, Европа ва Шарқнинг ривожланган меҳнат бозорларини забт этиш керак. Бунинг учун ҳунар ва тил ўрганишнинг механизмларини қатъий ислоҳ қиладиган пайт келди. Салоҳиятли ишчилар, приворадида Ўзбекистон учун ҳам ўта фойдали. Дунё кўрган, энг ривожланган давлатларда ишлаб қайтганлар топган маблағларини уй, машина, тўй каби ўткинчи хой-ҳавасларга эмас, балки фойдали ишларга сарф этади, илмга, фарзандларининг шахсий ривожланишига сармоя қилади.

Россия минтақаларида янги йилдан бошлаб муҳожирлар меҳнатини тақиқлаш бошланади

Нима учун бундай тақиқлар жорий этилган? Минтақа раҳбарлари мигрантлар учун барча турдаги тақиқларни киритиш ҳуқуқига эга.

  • Минтақа раҳбарлари чекловлар билан қуйидаги муаммоларни ҳал қилишга уринишмоқда:
  • меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш;
  • иш ҳақи даражасини сақлаб қолиш;
  • иш ўринларини яратиш;
  • тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш;
  • россияликларни ишга олишда устуворлик;
  • миллий хавфсизликни ошириш.

Кўпгина чекловлар умумий овқатланиш, алкоголли ичимликлар савдоси ва жамоат транспорти соҳасидаги ташкилотларга тегишли. Россия Федерацияси Марказий банки раҳбарининг сўзларига кўра, Россия иқтисодиёти кадрлар етишмаслигини бошдан кечирмоқда. Тақиқлар кимларга тааллуқли эмас? Тақиқлар патент билан ишлаётган Озарбайжон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина каби давлатлардан визасиз режимда келган мигрантларга таъсир қилади.

Тақиқлар қуйидагиларга тааллуқли эмас: Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИ) давлатлари фуқаролари: Арманистон, Беларусия, Қозоғистон ва Қирғизистон; ВНЖ ва РВПга эга мигрантлар; Россияда ишлаш учун рухсатномага эга бўлган хорижлик фуқаролар; юқори малакали кадрлар.

2024 йил учун чекловлар Калининград, Калуга, Новосибирск, Тула, Тюмень ва Челябинск вилоятларида, шунингдек, Югра ва Якутияда жорий этилди.

Москвадаги “Садовод” бозорида ўнлаб ишчилар ва полиция келишмовчилиги юз берди

Полициянинг тўхташ талабига эътибор бермаган ҳайдовчини қўлга олган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қарорига қарши бўлган ўнлаб ишчилар хизмат машиналарини ўраб олди.

Полиция томонидан ҳавога иккита огоҳлантириш ўқи узилган. Бунинг ортидан 82 киши ҳибсга олинган ва уларга нисбатан «майда безорилик» ва «миграция тартибини бузиш» моддалари бўйича баённомалар тузилган.

Асосий айбланувчи 21 ёшли Тожикистон фуқаросига нисбатан «Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш» ва «Ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Армияда хизмат қилишни истамаган мигрантлар Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди

 Қонунга кўра, Россия фуқаролигини олган барча эркаклар 14 кун ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари керак. Ака-ука бўлган бу муҳожирлар бу ишни қилмаганидан сўнг суд уларни фуқароликдан маҳрум қилишга қарор қилди. Энди улар Россияни тарк этишлари керак.

Агар ўз ихтиёри билан кетишмаса, депортация қилинади. Россияда муайян жиноят содир этган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилишга рухсат берувчи қонун мавжуд. Ушбу жиноятлар рўйхатига, масалан, саботаж, дезертирлик, терроризмга чақирувлар ва бошқалар киради.

Қаердадир ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар фуқароликдан чиқарилаётган бўлса, қаердадир потенциал аскарлар учун Россия паспорти берилмоқда. Яъни сен бўлмасанг, бошқаси.

Жумладан Аввалроқ Санкт-Петербургда 11 нафар муҳожирга тантанали равишда фуқароликни қабул қилиш маросимида паспорт ва ҳарбий комиссариатга  чақирув қоғозлари берилди. Энди улар янги ватанлари учун хизмат қилишади.

Умуман олганда нафақат паспорт топшириш маросимларида, балки махсус рейдларда ҳам повесткалар берилмоқда.

Масалан, Челябинскда арча бозоридаги муҳожирларга ҳарбий хизматга чақирув қоғози берилди, деб хабар қилган вилоят Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида.

Хабарда Миграция бошқармаси ходимлари ҳарбий комиссарлик вакиллари билан биргаликда Россия Миллий гвардияси кўмагида қурилиш объектлари, шунингдек, арча ва пиротехника воситалари сотиладиган жойларда рейдлар ўтказган. Россия фуқаролигини олган ва шунинг учун ҳарбий рўйхатга олиниши керак бўлган муҳожирларга чақирув қоғозлари топширилган.

Бундан ташқари, Россияда ноқонуний бўлган икки нафар хорижлик мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилган. Яна икки муҳожирнинг қолиш муддати қисқартирилди. Уларга чиқиб кетиш учун уч кун муҳлат берилди, шундан сўнг улар депортация қилинади.

«Россия колбаса эвазига ўз суверенитетидан воз кечмайди»

 Путин Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши бир овоздан қўллаб-қувватланди. Москвада бўлиб ўтган съезда “Единая Россия” Владимир Путиннинг Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатилишини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Путин “Единая Россия”га қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди ва нутқида Россия жамияти “ҳокимиятнинг барча тармоқлари етуклик, куч ва барқарорликни намойиш этганини” таъкидлади.

“Ғарб элитаси”нинг Россияни беқарорлаштириш бўйича режалари, “дунёнинг кўплаб минтақаларида бир неча бор синовдан ўтган “рангли тўнтаришлар” иш бермади ва бўлмайди ҳам”, деб таъкидлади. “Россия давлати суверен ва демак, чинакам халққа тегишли бўлади”, деди Путин.

У “Россия баъзи давлатлар сингари колбаса эвазига ўз суверенитетидан воз кечиб, кимгадир қарам бўлмаслигини” таъкидлади. Путиннинг бу ва бошқа баёнотларининг ҳар бири залга йиғилганлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Владимир Путин бешинчи муддатга президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Россия президенти сайловлари 2024 йил 15-17-март кунлари бўлиб ўтади.

Балашиха аҳолиси машаққатли меҳнати учун ўзбекистонлик муҳожирга миннатдорлик билдирди

Москва вилояти, Балашиха шаҳридаги Ольгино микрорайонидаги уй аҳолиси ўз дворниги, яъни фаррошини яқинлашиб келаётган Янги йил билан табриклашди. Улар ўзбекистонлик Шуҳрат Ражабовга 17 минг 600 рубл йиғишган.

Ютубдаги “Простые люди” – “Оддий одамлар” каналида эълон қилинган фаррошнинг мукофотланиши ҳақидаги лавҳа бутун Россия бўйлаб кўплаб самимий шарҳларни тўплади. Маълум бўлишича, кучли қор ёққан кунлари Шуҳрат Ражабов атрофни қордан тозалаш ишида бўйича жонбозлик кўрсатган.

Бу ҳафтада АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани хабар қилинди.

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябригача АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 13 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қўлга олинган.

Қозоғистон Сенати хорижликлар учун бармоқ изларини мажбурий текшириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Қозоғистон Сенати депутатлари хорижий фуқароларнинг ҳужжатларни олишда бармоқ изларини мажбурий текширишни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллади. Янги қоидалар 2024 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, хорижий фуқароларга индивидуал идентификация рақами (ИИН) олиш бўйича қатъий талаблар ҳам назарда тутилган. Сенат мажлисида депутат Евгений Больгерт чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар уни олиш учун Қозоғистондаги рўйхатга олиш органларига шахсан мурожаат қилишлари кераклигини таъкидлади.

Ҳурматли кузатувчилар, сиз учун тўплаганларим, айтмоқчи бўлганларим ҳозирча шулар эди. Сўзимни француз ёзувчиси Анна Стальдан иқтибос билан якунламоқчиман:  “Фақат озод миллатгина миллий характерга эга бўлади”.

Миллий характер, ўзлик ва ўзи хослигимизни сақлаб қолмоқни истар эканмиз, мустақиллик, озодлик, ҳурлик деган танқис неъматга ҳурматни йўқотиб қўймаслигимиз, пуч даъволар билан акиллайдиган ҳар қандай кўппакларга қарши ғужуримиз, ғуруримиз ва муросасизлигимизни сақлашимиз шарт!

Насиб қилса, кейинги ҳафтада яна гаплашамиз. Фикр ва мулоҳазаларингизни, албатта, изоҳларда қолдиринг. Кўришгунча!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya