Мақола

1 238 13/11/2022

Кейинги йил 1 январдан бошлаб, автомобиль двигатели қувватига боғланган қўшимча коэффициентлар пасайтирилади, 15 фоизли асосий бож ставкаси эса ўзгаришсиз қолади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси ҳозирги 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Жорий йил 21 февраль куни имзоланган «Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига кўра, Ўзбекистонга автомобиллар импорт қилишда божхона расмийлаштируви икки босқичда пасайтирилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда “Кун.уз” хабар берди.

Қарор имзоланган пайтдан эътиборан бож ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга туширилди, шунингдек автомобиль двигатели қувватининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам ўртача икки баробар ва ундан кўпроққа камайтирилди.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб, автомобиль двигатели қувватига боғланган қўшимча коэффициентлар яна бир бор пасайтирилади, 15 фоизли асосий бож ставкаси эса ўзгаришсиз қолади.

Янги тартиб ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтган кунгача 1 йилдан ортиқ вақт ўтмаган автотранспорт воситаларигагина тааллуқли.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси ҳозирги 15 фоиздан 12 фоизга туширилади. Демак, кейинги йилдан бошлаб, иномаркаларни олиб кириш учун ҚҚС ҳам 3 фоизга арзонлашади.

Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар импорти учун аввалгидек 30 фоизли божхона божи ва қўшимча коэффициентлар ҳисобланади. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган автомобиллар учун ҳам 40 фоизли бож ва қўшимча коэффициентлар сақланиб қолади.

Бугунги кунда Ўзбекистонга хориждан автомобиль импорт қилишда тўланадиган тўловлар бир қанча омилларга боғлиқ: автомобилнинг янги ёки эскилиги (ишлаб чиқарилган йили ҳам инобатга олинади), харид нархи, автомобиль ишлаб чиқарилган ҳамда импорт қилинаётган мамлакат, двигатель тури ва ҳажми. ”Растаможка” ҳақидаги тўлиқ маълумотларни бу ерда ўқишингиз мумкин. 

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация