Статья

406 21/08/2022

Америкага кўчишим, Орландода яшашим маълум бўлганидан кейин жуда кам сонли Америкадаги танишларнинг барчаси бир маслаҳатни такрорлашганди – «келибоқ машина сотиб олгин».

Ўзим буни режалаштирмаётгандим. «Аввал бошида автобусда ҳам қатнаб юравераманда. Уйга яқинроқдан иш топсам, велосипедда қатнасам ҳам бўлади», деб ўйлаб юрардим. Лекин барибир маслаҳатларга қулоқ солиб, келган кунимнинг эртасига автомобиль сотиб олдим. Орадан бироз вақт ўтиб, автобусда уйдан шаҳар марказига бориб келишимга тўғри келганида, ўша маслаҳат жуда ўринли бўлганини тушундим.

Орландода жамоат транспортларидан фақатгина автобус бор холос. Метро, трамвай, троллейбуслар (троллейбус бўларди-ей болалигимизда Тошкентда, Карл, троллейбус!) йўқ. Американинг жудаям кўп шаҳарларида йўқ, аслида. Фақатгина жуда катта ва гавжум шаҳарларда жамоат транспорти инфраструктураси ривожланган, талабдан келиб чиққан холда. «Бир қаватли Америка», деб аталадиган мамлакатнинг жуда катта қисмида барча нарса автомобиллар учун, деярли ҳамманинг машинаси борлиги назарда тутилиб йўлга қўйилган. Автомобилдан тушмасдан «Старбакс»дан кофе, «Макдоналдс»дан бургер олишингиз, «Валгреэнс»дан дори-дармон сотволишингиз мумкин. Банкдаги ишларингизни ҳам автомобиль билан кириладиган махсус жойда ҳал қилиб, йўлингизда давом этаверасиз. Жудаям кўп ишларингизни битиришингиз учун автомобилдан тушиш шарт эмас. Машина сотиб олишдан эса осони йўқ бу ерда.

Аслида автобусларга ҳам деярли талаб йўқ. Шундай бўлсада, LYNX деб номланувчи махсус тизим ишлайди ва унинг фаолияти жуда профессионал даражада йўлга қўйилган. Қулай сайти, ажойиб мобил иловаси, иссиқ кунда доим муздек бўлиб турадиган, вай-фай ўрнатилган катта ва чиройли автобуслари бор. Автобуслар олдида велосипедлар учун махсус жойлар ҳам мавжуд. «Так что» бекатгача уйдан узоқ бўлса, бемалол великда чиқиб олсангиз ҳам бўлади. Нархлари ҳам қиммат эмас.

Бир марталик чипта – $2;

Кун давомида исталганча автобусга чиқиш – $4.50;

Бир ҳафталик чипта – $16;

Бир ойлик чипта – $50.

Ҳаммаси аъло даражада. Лекин жудаям-жудаям камчилик ундан фойдаланади. Куннинг энг пик вақтларида, бутун бошли автобусда 4-5 одам юрган бўлади. «Юришинглар, ўртаси бўш-ку, ҳола сурилинг озгина! Сиғишамиз!», деган ҳайқириқлар эшитилмаслиги аниқ. Кондукторнинг ўзи йўқ автобусларда. Аппаратга электон ёки қоғоз чиптани «скан» қиласиз ва чиқиб кетаверасиз. «Қани, укам, сизда нимейкан?!», – деб сўраб юрмайди ҳеч ким.

Қулайликлари билан бирга, ноқулайликлари ҳам талайгина барибир. Автобуслар ҳар 25-30 дақиқада бир келади. Кейин ҳар қадамда бекат ва ҳар бирида албатта тўхтайди. Маҳаллаларни айланиб чиқади. Машинада 20 дақиқада етиб борадиган ишхонамга автобусда бир гал 2 соатда боргандим…

Нега айтарли талаб бўлмаса ҳам автобуслар шаҳар бўйлаб қатнаб юраверади? Сарфланган ёқилғини ҳам қопламайди-ку! – деган ўринли савол пайдо бўлади. Лекин LYNX кўп ҳам зарарига ишламайди. Автобуслар бўм-бўш қатнаса ҳам ундан пул қилаверишади. Чунки ҳар бир автобус – шаҳар бўйлаб ҳаракатланадиган «реклама стенди»га айлантирилган. Бутун бошли автобус ёрқин, эътиборни тортадиган ранглар ишлатилган, дид билан қилинган эълон доскаси сифатида кўз олдингизда намоён бўлади. Ҳар бирига бир дунё рекламалар майда-чуйда қилиб жойланмайди. Битта автобусда бир компания ёки бир воқеа (концерт, футбол матчи, ярмарка ва ҳоказо) рекламаси бўлади. Маълум муддатга қилинган реклама шартномаси тугагач, автобуслар бошқача тусга, киради ва шаҳар бўйлаб саёҳатини давом эттираверади.

АБРОР ҚОДИРОВ

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация