Қирғизистон парламенти қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ва Кампир-обод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади. Аввалроқ ҳужжатлар Ўзбекистон томонидан ҳам ратификация қилинган эди.
17 ноябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенеши Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартномани ва икки давлат ҳукуматлари ўртасида Кампир-обод (Андижон) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилди (ҳар икки ҳужжат 3 ноябрь куни Бишкекда имзоланган).
Мажлисда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этди. Қонун лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев тақдим этди ва депутатлар саволларига жавоб берди, деб хабар берди Қирғизистон парламенти матбуот хизмати.
Бундан бир неча кун аввал мазкур икки ҳужжатни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган эди.
Президент Садир Жапаров йиғилишда сўзга чиқиб, «Кўп йиллардан бери ҳал этилмаган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара масаласига нуқта қўйилиши керак бўлган кун»ни тарихий деб атади. У депутатларга давлат тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилишда масъулият билан ёндашишни сўраб мурожаат қилди.
Қирғизистон парламентида қонун лойиҳалари муҳокамаси ушбу мамлакат нашрлари томонидан жонли эфирга узатилди. Октябрь ойи охирида Кампир-обод сув омбори ҳудуди Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 20 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистон билан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги битимни учинчи ўқишда 64 депутат ёқлаб, 19 нафари эса қарши овоз берди, деб ёзади Kaktus.media.
Келишувга кўра, Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон 19699 гектар ҳудудни олади.
Қирғизистон қуйидаги ерларни олди:
Келишувлар доирасида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги анклави ҳисобланган Барак қишлоғи аҳолиси Қирғизистонга кўчирилади. Қишлоқ 208 гектар ерга алмаштирилади.
Кампир-обод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим юзасидан овоз беришда 65 депутат ёқлаб, 18 депутат қарши овоз берди.